Пекиндаги ярим марафонда инсонсифат роботлар одамлар билан ёнма-ён югуришди. Уларнинг сони 21 та эди. Ғолиб чиққан Tiangong Ultra номли робот 21 километр масофани икки соат-у қирқ дақиқада босиб ўтди – бу эса одамлар орасида энг тез югурган пойгачидан анча секинроқ. Бошқа роботларнинг натижаси бундан ҳам ёмонроқ бўлди.
Гарчи роботлар илгари ҳам марафонларда кўриниш берган бўлса-да, улар биринчи марта одамлар билан бундай масофада мусобақалашди. Трасса кўтарилишлар, бурилишлар ва нотекис жойларни ўз ичига олганди. Баъзи роботлар пойгани тугатишга муваффақ бўлди, баъзилари эса бошиданоқ қийинчиликларга дуч келди. Роботлардан бири старт чизиғида йиқилиб, бир неча дақиқа ётди, кейин ўрнидан туриб, яна югурди. Яна бири бир неча метр югуриб бориб, тўсиққа урилган, натижада унинг оператори ҳам йиқилиб тушган.
Барча роботлар Хитойда турли компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган. Улар турли шакл ва ўлчамларда эди: баъзилари 120 сантиметрдан паст, бошқалари эса 180 сантиметргача эди. Компаниялардан бири унинг роботи деярли ҳақиқий аёлга ўхшаши ва кўз қисиб, табассум қилишни билиши билан мақтанди. Роботларнинг бир нечтаси кроссовкада, биттаси бокс қўлқопида, яна бири эса хитой тилида «Ғалабага маҳкум» деб ёзилган қизил боғич тақиб олганди.

Компаниялар ўз роботларини югуришдан олдин бир неча ҳафта давомида синовдан ўтказишди ва механик югурувчилар мусобақага ўз мураббийлари билан бирга келишди. Муҳандислик ва навигация жамоаларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, тадбир автопойгага ўхшарди.
Роботларга ҳам одамлар каби йўлда тўхташга рухсат берилди. Одамлар дам олиб, сув захираларини тўлдиргандан кейингина роботларнинг аккумуляторлари ўзгартирилди, дея қайд этади CNN.
Ғолиб чиққан Tiangong Ultra «чарчоқ аломатларини кўрсатмасдан» марра чизиғини кесиб ўтди, деб ёзади нашр. Якунда марафон иштирокчилари ғолиб бўлган робот атрофига йиғилиб, суратга тушишган.
Tiangong Ultra – Пекиндаги одамсимон робототехника инновацион марказини ишланмаси. У масофани 2 соат-у 40 дақиқада босиб ўтди (эркаклар орасидаги энг яхши натижа 1 соат-у 2 дақиқа, аёллар ўртасида эса 1 соат-у 11 дақиқа). Ушбу инновацион марказнинг 43 фоиз қисми давлатга тегишли бўлиб, қолган улушни технологик гигант Xiaomi ва Хитойнинг ҳуманоид роботлар ишлаб чиқариш бўйича етакчиси, UBTech компанияси тенг бўлиб олган.

Марказнинг техник директори Тан Сзяннинг фикрича, Tiangong Ultra узун оёқлари ва одам югуришини имитация қилиш имконини берувчи алгоритм туфайли яхши натижа кўрсатган.









