Москвадаги асосан қирғиз мигрантлари бўлган ҳаммомда рейд ўтказилиб, орган ходимлари муҳожирларни таҳқирлади. Қирғизистон ва Россия ташқи ишлар вазирликлари ўзаро баёнот алмашмоқда. Қозоғистонда каннабис қонунийлаштирилиши кутилмоқда. Беларусда яшовчи туркман мигрантларнинг ҳужжатлари текширилади.  Ҳажга бориш қоидалари ўзгарди, тожикистонликлардан хорижий компаниялар хизматидан фойдаланмаслик сўралмоқда. «Толибон» Россиядан йўл таъмирлашни сўради.

Қирғизистон собиқ президентига ҳукм ўқилди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 11 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди, бироқ у жазодан озод этилган. Гап шундаки, ўтган ҳафта судда Атамбоев криминал авторитет Батукаев иши бўйича айбдор деб топилди, аммо даъво муддати ўтгани туфайли жазодан озод этилди.

17 апрел куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида собиқ президент Алмазбек Атамбоевга нисбатан «қонунга беписанд ўғри» деб аталмиш Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқарилиши билан боғлиқ иш бўйича суд ҳукми ўқилди, дея хабар берди маҳаллий матбуот.

Атамбоев Қирғизистон Жиноят кодексининг 319-моддаси (коррупция) бўйича айбдор деб топилган.

Азиз Батукаев 2006 йилда колониялардан бирида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, салкам 17 йилга қамалган эди. Тўполон чоғида депутат Тиничбек Акматбоев, Жазоларни ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иқматулла Пўлатов ва парламентнинг икки ходими ҳалок бўлган. 2013 йилда Батукаевга қон саратони кечки босқич ташхиси қўйилган тиббий комиссия хулосасидан сўнг озодликка чиқарилган. У зудлик билан мамлакатни тарк этиб, Чеченистонга, тарихий ватанига жўнаб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар қалбаки экани маълум бўлди, аммо Қирғизистон расмийлари Батукаевнинг экстрадиция қилинишига эришолмади.

Алмазбек Атамбоев 2011-2017-йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган, ҳокимият Сооронбай Жеэнбековга ўтганидан кейин уларнинг муносабатлари ёмонлашган ва Атамбоев мухолифатга ўтган. 2019 йилда унинг дахлсизлиги олиб ташланган ва у бир қанча жиноятларда айбланди.

Атамбоев 2020 йил июн ойида Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш билан 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил 13 февралда Қирғизистон Олий суди янги очилган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилди ва эртаси куни Атамбоевга хорижга чиқишга рухсат берилди.

Қозоғистонда каннабис қонунийлаштирилиши мумкин