Ўзбекистон | 21:20 / 14.01.2020
77510
3 дақиқада ўқилади

«90 фоиз аҳоли пропискага қарши» – Ўзбекистондаги ички миграцияга оид тадқиқот эълон қилинди

Ўзбекистон ички миграция даражаси бўйича жаҳонда энг қуйи ўринларда туради. Мамлакатдаги урбанизация кўрсаткичларида 2009 йилдан буён турғунлик кузатилмоқда.

Жаҳон банки тадқиқотчиси Уильям Сеиз ўтказган тадқиқотда шу ҳақда сўз боради.

Муаллиф ички миграцияга тўсиқ бўлаётган икки асосий омилни келтириб ўтган: прописка режими ва шаҳарда яшаш харажатларининг қишлоқ ҳудудларга нисбатан анча юқорилиги.

Маълум бўлишича, пойтахт Тошкентда яшаш харажатлари Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичдан 5,5 баробарга кўп. Бу эса қишлоқларда яшаётган деярли барча фуқароларнинг пойтахтда ҳаёт кечиришга қурби етмаслигини билдиради.

2018 йилда Тошкент шаҳридаги ўртача маош миқдори қишлоқ жойлардаги ўртача ойликдан 88 фоизга, республика миқёсидаги ўртача маошдан 61 фоизга юқорироқ бўлган.

Сўровлар натижасига кўра, аҳолининг тахминан 90 фоизи – барча регистрацион чекловларни бекор қилиш тарафдори.

Таъкидланишича, прописка режимини бекор қилиш билангина урбанизация фаоллашишига эришиб бўлмайди. Бунинг учун шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш суръатини ошириш керак. Ўтказилган сўровлар ўзбекистонликларнинг 80 фоиздан кўпроғи бу фикрга қўшилишини кўрсатган.

Тадқиқотчининг фикрича, аҳолининг кўчиш суръатлари сустлиги мамлакатда меҳнат унумдорлиги ва бандлик даражаси ўсишига салбий таъсир қилади.

Ўрганиш натижасида қуйидаги чоралар тавсия этилган:

  • шаҳарларда кенг миқёсда арзон ижара уйларини қуриш ва ижара уй-жой бозорини шакллантириш (Сингапур, Ҳонгконг ва Хитой тажрибаси);
  • кўчмас мулк дахлсизлигини таъминлаш (бу ўз навбатида инвесторларни уй-жой қуришга рағбатлантиради);
  • ҳам уй-жой қурилиши билан шуғуланувчи корхоналар, ҳам уй-жой сотиб олувчилар учун мақсадли субсидиялар ажратиш;
  • шаҳарларни режалаштиришга (мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектлар жойлашуви) алоҳида эътибор қаратиш ва ҳк.

Жаҳон банки расмий сайтида эълон қилинган тадқиқот банкнинг «Қашшоқлик ва тенглик» глобал амалиёти доирасида ўтказилган бўлиб, ундаги маълумотлар Жаҳон банки ва Тараққиёт стратегияси маркази ҳамкорлигида 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» сўрови натижаларига асосланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил бошида Ўзбекистонда Урбанизация агентлиги ташкил этилган. Мамлакатда урбанизация даражасини 2030 йилгача деярли 2 баробарга ошириб, 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Республикада 16 ва ундан кўп қаватли уйлар қурилишига урғу берилмоқда. 2021 йилга қадар прописка режимида жиддий ўзгариш бўлиши кутиляпти.

Мавзуга оид