Ўзбекистон | 22:40 / 19.10.2024
22157
13 дақиқада ўқилади

Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести

Умра лицензияси учун талаблар қийинлаштирилди: зиёрат нархлари ошиши мумкин. Ҳукумат 2030 йилги ЯИМ прогнозини янгилади: ваъда қилинаётган кўрсаткичлар иқтисодий мўжизага тенг. Ўзбекистон КХШТ ва ЕОИИга аъзо бўлмайди, кичик АЭСлар эса бутун республика бўйлаб қурилиши мумкин. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Умрачи” фирмаларга янги талаблар

Дин ишлари бўйича қўмита Умра лицензияси учун янги талабларни эълон қилди. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган бу талаблар аввалгисидан анча қийин: эндиликда Умра зиёратини ташкил этиш билан шуғулланувчи фирмалар 100 минг доллар эмас, 1 млн доллар миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйиши керак. Бундан ташқари, лицензия олган фирма Умра хизматларини учинчи давлатлар ёки бошқа туроператорлар орқали кўрсатмаслиги, Саудиядаги ҳамкор компания билан ўзаро ҳисоб-китобларни фақат банклар орқали амалга ошириши керак бўлади.

Шу ва бошқа қатор талабларни бузган юридик шахслар 75 млн сўм жаримага тортилади. Талабларнинг кучайтирилишини расмийлар айрим турфирмаларнинг ножоиз ҳаракатлари билан изоҳлади. Қайд этилишича, турфирмалар томонидан визаларни сохталаштириш, меҳмонхоналарда жой банд қилмаслик, қайтиш авиачипталарини харид қилмаслик каби ташкилий камчиликларга йўл қўйилган. Натижада 13 мингдан ортиқ фуқаро хорижда сарсон бўлган, бир неча минг ўзбекистонлик Саудияда бўлиш қоидаларини бузгани учун депорт қилинган.

Аввалги лицензиялар бекор қилинмагунча, Ўзбекистонда 100 минг доллар маблағни захира қилиб қўйган 77 та турфирма Умра хизматларини кўрсатаётганди. Захира талабининг 10 баробарга оширилиши “умрачи” фирмалар сонини кескин қисқартириши аниқ. Таннархнинг ошиши ва рақобат муҳитининг ёмонлашиши эса якунда ўзбекистонликлар учун Умрага бориш қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев 1 млн долларни катта миқдор эмас деб ҳисобламоқда.

“Энди, бу катта миқдор эмас. Хабарингиз бўлса керак, бунга қадар 100 минг доллар қўйиш [мажбурияти] бор эди. Ўшанда 15 мингга яқин фуқароларимиз Саудия Арабистонида қолиб кетди, уларнинг ҳаммаси ҳукумат томонидан олиб келинди. Бу ҳақда бирор марта ёритмадингиз…

Демоқчиманки, агар 1 миллион доллар реквизитга қўйиладиган бўлса, “Ҳаво йўллари” [чиптаси]ни 600 доллардан ҳисоблайдиган бўлсак, у ердаги меҳмонхоналар ва бошқа хизматларнинг ҳисобини олсак, бу ҳам [1 миллион доллар] минг кишига етяпти. Ўша 15 минг киши билан муаммо бўлганида, қўйилган 100 минг долларга 100 кишини ҳам қайтариб олиб келишга имкониятимиз йўқ эди”,деди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Содиқжон Тошбоевнинг сўзларига кўра, янги қарор фуқароларнинг Умра фирмаларига мурожаат қилмасдан, ўзлари мустақил тарзда Умрага бориш ҳуқуқини чекламайди. Саудия Арабистони ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига ҳам электрон виза бера бошлаган. Бу визани Саудия аэропортларига келганда ҳам расмийлаштириш мумкин. Кўп марталик виза йил давомида Умра амалларини бажариш ва подшоҳлик бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради.

“Бу бемалол, ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Nusuk деган Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг дастури бор, [ёки онлайн туристик виза] уйдан ўтириб, олиб бораверсин, хоҳласа. Хоҳласа, Дубай ёки Туркия орқали, хоҳласа тўғридан тўғри рейсда борсин. Бунга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Уйингиздан ўтириб бемалол олаверасиз, Саудия Арабистони ҳам буни бемалол очиб қўйган”, – деди у.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Саудия Арабистони томонидан Ўзбекистонга ажратилган 24 мингталик Ҳаж квотасидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, Ҳажга ҳалигача 15 минг ўзбекистонлик юборилаётганига изоҳ бериб, квоталардан тўлиқ фойдаланиш учун ташкилий масалаларни ҳал қилишга вақт кераклигини айтди. Ҳажга борадиган зиёратчилар сони секин-секин кўтариб борилади, деди Тошбоев.

Ўзбекистон иқтисодиёти 7 йилда 2 баробарга ўсиши айтилди

Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулотни 200 млрд долларга етказмоқчи. Бундан аввал белгиланган мақсадли кўрсаткич 160 млрд доллар эди. Оширилган прогнозга кўра, 6 йилдан кейин жон бошига ЯИМ ҳажми 4000 доллар эмас, 5000 доллар бўлиши айтиляпти. Бу ҳақда макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджет масалалари бўйича президент ҳузурида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Таъкидланишича, йил якунигача иқтисодий ўсиш камида 6 фоиз бўлиб, ЯИМ ҳажми 111 млрд долларга етиши кутилмоқда. Лекин бу икки рақам бир-бирига инкор қилиши изоҳталаб ҳолат бўлиб турибди. Чунки аввалроқ Ўзбекистон иқтисодиётининг 2023 йилги ҳажми қайта баҳолашдан ўтказилиб, ўтган йилги ЯИМ 91 млрд доллар эмас, 102 млрд доллар бўлгани қайд этилганди. Лекин бир йилда бу ҳажм 111 млрд долларга етиши учун йиллик ўсиш 10 фоиз бўлиши керак. Худди шундай, 2030 йилгача иқтисодиёт кўламини 200 млрд долларга етказиш учун йиллик ўсиш ўртача 10 фоиздан кам бўлмаслиги талаб этилади. Бундай иқтисодий мўжиза дунё тарихида камдан кам кузатилган.

Масъулларга Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини инвестицион даражага олиб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди. Бунинг учун ҳозирги рейтингни уч поғонага яхшилаш талаб этилади. Лекин шуни ҳам инобатга олиш керакки, Ўзбекистон илк марта 2018 йилда суверен кредит рейтингини олган бўлса, ўшанда олинган спекулятив тоифадаги BB- рейтинги ҳалигача ўзгармай келмоқда. Яъни, иқтисодий сектор масъуллари олдида охирги 6 йилда оширилмаган рейтингни келгуси 6 йилда 3 поғонага ошириш вазифаси турибди.

Расмийларга кўра, йиғилишда келаси йилги инфляция даражасини 7 фоиздан оширмаслик топшириғи берилган. Пул қадрсизланиши 2026 йилда 5-6 фоиз даражасида сақланиши, 5 фоизлик таргетга 2027 йилда эришилиши кўзда тутилмоқда. 2025 йилда 78 та туман ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказилиши, экспорт ҳажми 25 фоизга оширилиши режа қилинган. Республика бўйича таъмирталаб ҳолатдаги 4700 та кўприкни уч йил ичида босқичма-босқич таъмирлаш вазифаси қўйилди.

“Қозоғистон ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда олди” — Акмал Саидов

Кам қувватли атом электр станцияси нафақат Жиззахда, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам қурилиши мумкин. “Ўзатом” агентлиги Тошкентда ўтган конференцияда кичик АЭСлар учун истиқболли майдонлар харитасини кўрсатди. Унга кўра, кичик атом станциялари деярли барча вилоятларни қамраб олиши мумкин. Агентлик директори Азим Аҳмадхўжаевнинг сўзларига кўра, танлаб олинган 14 та истиқболли майдонни батафсил ўрганиш режалаштирилган.

Фориш туманидаги АЭСни қуриш дирекцияси директори Отабек Омоновнинг айтишича, станция учун ядро ёқилғисини ишлаб чиқаришда маҳаллий урандан фойдаланилади. Бунда, ўзбек урани Россияга олиб борилиб, ўша ерда бойитилади ва ёқилғига айлантирилади. АЭСда ишлатилганидан кейин, ядро чиқиндиси яна Россияга олиб кетилади. Омоновга кўра, лойиҳани молиялаштириш масаласида хорижий ва маҳаллий банкларга таклифлар юборилган. АЭСнинг қиймати ва иқтисодий ҳисоб-китоблари эса очиқланганича йўқ.

Айни пайтда, Ўзбекистон КХШТ ва ЕОИИга қўшилиш ниятида эмас. Бу ҳақда Тошкентда ўтган бошқа бир конференцияда, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий блокларга қўшилиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларига зид. “Биз йигитларимизни ҳеч қачон ҳарбий миссияларни, шу жумладан тинчликпарварлик миссияларини бажариш учун юбормаймиз. Ҳудудимизда хорижий ҳарбий базалар бўлмайди”, деди Саидов.

ЕОИИ масаласида эса, парламент комиссияси бу ташкилотнинг мингдан ортиқ ҳужжатлари ўрганиб чиққан ва шундай қарорга келган: Ўзбекистон бу иттифоқда кузатувчи мақомида қолишдан манфаатдор. Акмал Саидов Қозоғистонни мисол келтириб, улар ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда олганини айтиб ўтди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, жорий ҳафтада Қозоғистон BRICS'га аъзо бўлмаслигини эълон қилди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга аъзолик таклифи берилган бўлса-да, бу таклиф миллий манфаатлар нуқтайи назаридан кўриб чиқилди ва Қозоғистон ҳозирча BRICS'га қўшилишни режалаштирмаяпти, дея маълум қилди Тўқаевнинг матбуот хизмати. Бу хабардан кўп ўтмай, Россия Қозоғистондан бир нечта турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини тақиқлади. Росселхознадзор буни карантин талабларининг бузилиши билан изоҳлаган.

Ўзбекистон консулхонаси: “Уруш тарғиботларига берилманг”

Россияда ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантларни Украинага қарши урушга боришга мажбурлаш ҳолатлари давом этмоқда. Бу ҳолат айниқса қамоқхоналарда оммавий тус олган. Урушга бориш учун шартнома имзоламаган маҳкумлар жазо изоляторига жойлаштирилаётгани, колония ходимлари мигрантларни бунга мажбурлаш учун уларни бошқа маҳбусларга калтаклатаётгани ҳақида хабарлар бор. Матбуотдаги хабарларга кўра, урушга ўз хоҳиши билан борганларга гўёки фронтнинг хавфсизроқ қисмига жўнатиш ваъда қилинмоқда.

Ўзбекистон расмийлари, хусусан Ташқи ишлар вазирлиги ва Омбудсман бу ҳолатлар бўйича бирор чора кўраётгани ёки йўқлиги маълум эмас. Душанба куни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси баёнот билан чиқиб, ватандошларни уруш тарғиботларига берилмасликка чақирди. Хорижий давлатдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган барча Ўзбекистон фуқаролари истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши таъкидланди.

Деярли ҳар ҳафта республиканинг у ёки бу вилоятида Украинадаги урушда қатнашганлар устидан суд ҳукмлари ўқилмоқда. Куни кеча булунғурлик 56 ёшли эркак Донецкдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Эътиборлиси, унинг уруш томон йўли Россиянинг Тошкентдаги элчихонасидан бошланган. Элчихона унга “йўлланма бериб”, фуқаролик олиш учун Челябинскка боришни тавсия қилган. Урушда икки оёғи ва бир қўлидан яраланган эркак ватанга қайтганида қўлга олинган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Олмалиқда 4-мисни бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди. 5,3 млрд долларлик лойиҳага Тошкент вилоятига ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев старт берди. Давлат раҳбари 4,6 млрд долларлик 3-фабрика қурилишини кўздан кечирди. Маълум бўлишича, айни пайтда 5-фабрика ҳам лойиҳалаштирилмоқда. Бу корхоналар “Ёшлик-1” конидаги маъданлардан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, биргина 4-фабриканинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми салкам 2 млрд долларга етиши айтилмоқда.

Биржада АИ-80 бензини нархи тоннасига 10 млн сўмдан ҳам ошиб кетди. Шу тариқа, охирги бир йил ичида АИ-80'нинг биржа нархи салкам 40 фоизга кўтарилди. Нархлар ошиши таклиф ҳажмининг кескин қисқариши фонида рўй бермоқда. Айни пайтда, глобал бозорларда нефт нархи арзонлашаётганига қарамай, Ўзбекистонда бензиннинг сифатли турлари ҳам қимматлашишдан тўхтамаяпти. Мамлакатимизда юқори сифатли бензин нархи АҚШдаги нархларни ҳам ортда қолдирган, қўшни Туркманистон ва Қозоғистон билан эса 2 баробардан кўпроқ фарқ юзага келган.

UzAuto Motors Chevrolet Cobalt'нинг Midnight номли дизайнини тақдим этди. Расмий релизга кўра, биринчи босқичда ёритиш тизими ва дискалар қорамтир тусга ўтказилади, кейинчалик автомобилнинг ички дизайни ҳам янгиланади. Шунингдек, бу версия 106 от кучига эга 1,5 литрли двигател ва автомат узатмалар қутисига эга бўлади. Янги версия аввалги комплектацияга қўшимча сифатида чиқарилиши айтилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Cobalt учун исталган вақтда шартнома олишнинг тўхтатилганига келаси ойда роппа-роса 2 йил бўлади.

16 октябр куни Қозоғистонда содир бўлган аянчли ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг 6 фуқароси ҳалок бўлди, яна 4 нафари шифохонага ётқизилди. Қурбонлардан икки нафари – болалар. Маҳаллий нашрларга кўра, Jac русумли енгил автомобилда Россиядан қайтаётган ўзбекистонликлар Манғистау областида йўл четида тўхтаб турган MAN юк машинасига келиб урилган. Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, касалхонада бўлиб турган 4 ватандошнинг аҳволи яхши, улар соғайиши билан Ўзбекистонга қайтарилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кунлар совиши сабабли огоҳлантириш билан чиқди. Ҳафта ўрталарида кечаси ҳарорат илк марта 0 даражага тушди. Иситиш мавсуми бошланаркан, фуқароларга печлар ва дудбуронларнинг созлигини текшириш тавсия этилмоқда. Дудбуронлар ҳар хил буюмлар билан бекилиб қолмагани, ёриқлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020–2023 йилларда 600 дан ортиқ киши ис газидан заҳарланган, уларнинг 400 дан ортиғи ҳалок бўлган.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид