Жаҳон | 20:14 / 14.10.2024
9567
3 дақиқада ўқилади

Россияда Тожикистон ва Ўзбекистондан келган мигрантлар Украинага қарши урушга боришга мажбурланаётгани айтилди

Россия колонияларида жазо муддатини ўтаётган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари оммавий равишда Украинага қарши урушга юборилиш учун шартномалар имзолашга мажбурланмоқда.

Фото: ТАСС

Россия колонияларида жазо муддатини ўтаётган Марказий Осиё давлатлари фуқаролари оммавий равишда Украинага қарши урушга юборилиш учун шартномалар имзолашга мажбурланмоқда. Бу ҳақда «Настоящее время»га Россия колонияларининг бирида ҳибсда сақланаётган тожикистонлик Жовид исмли маҳкум маълум қилди.

Унинг айтишича, ўзи билан Москва яқинидаги қаттиқ тартибли колонияда жазо ўтаётган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари мушкул вазиятда қолган. Чунки улар урушга боришни хоҳламаяпти, аммо колонияда яратилган шароитда ҳам узоқ яшаб бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, айрим маҳкумлар фуқароликдан бош тортиш ва Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашдан кўра ўз жонига қасд қилишни маъқул кўрмоқда. Жовиднинг тушунтиришича, хорижлик маҳкумлар ўз мамлакатлари фуқаролигидан воз кечиб, РФ фуқаролигини олишга — бир вақтнинг ўзида шартнома имзолашга мажбур қилинмоқда.

«Имзоламасанг — жазо изоляторига жойлаштиришади. Фуқароликни рад этиш ҳақидаги аризани имзоласанг, уни Тожикистонга юборишади. Кейин эса керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, урушга юборишади. Билмайман, балки улар бизнинг номимиздан имзо қўяр. Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин», — дейди у.

Жовид сақланаётган колониядаги бир гуруҳ муҳожир маҳбуслар таҳририятга мактуб йўллаб, у ерда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролигига эга 400 га яқин маҳкум сақланаётгани ҳақида ёзган. Уларнинг сўзларига кўра, маҳкумларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиниб, диний қарашлари туфайли таҳқирланмоқда. Колония ходимлари, шунингдек, қолган маҳкумларни жазо муддатини ўтаётган мигрантларни калтаклашга чақирмоқда, дейилади мактубда.

«Ўтган куни рўйхат тузишди, фуқаролигига қараб ўтирмасдан урушга юборишлари билан таҳдид қилишди. Эҳтимол, барча қийноқлар мазкур режаларга боғлиқдир. Улар одамларни назоратчиларнинг таҳқирлашларига чидагандан кўра, урушда ўлишни маъқул кўрадиган даражага етказмоқчи. Уларнинг айтишича, кимни хоҳлашса, ўшани урушга юборишади. Урушга ўз ташаббуси билан бориш таклиф қилинмоқда: бу ҳолатда яхшироқ жойга тушиш мумкин экан. Агар мажбуран юборишса, тўғридан тўғри омон қолиш имконияти бўлмаган фронтга жўнатишади», — дейилади мактубда.

Россиядаги мигрантлар Украинадаги урушга юборилаётгани ҳақида 2023 йилдаёқ хабарлар тарқалган эди. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари меҳнат мигрантлари ишлаётган корхоналарда мунтазам рейдлар ўтказмоқда. Уларга ҳарбий хизматга чақириқ қоғози топширилмоқда ёки ҳарбий комиссариатларга олиб кетилмоқда. Россия фуқаролигига эга бўлмаган мигрантларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашса, тезлаштирилган тартибда мамлакат паспортини бериш ваъда қилинмоқда.

Мавзуга оид