Иқтисодиёт | 22:23 / 04.04.2023
36229
14 дақиқада ўқилади

Панадаги бошқарув ва саволли оқибатлар: “Ўзбеккўмир” қандай шартлар билан берилганди?

2020 йилда Қозоғистон компаниясига ишончли бошқарувга тортиқ қилинган “Ўзбеккўмир” билан боғлиқ мажбуриятлар очиқланмай келяпти. “Ангрен” ва “Янги Ангрен” ИЭСлари ҳам ишончли бошқарувга берилиши ортидан миллиардлаб зарар жамланган. Kun.uz'га етиб келган ишончли бошқарув шартномаси бошқарувчига қанақа мажбуриятлар юклатилганига ойдинлик киритди.

Ангрен кўмир кони ишчиси / Фото: Kun.uz

Тендерсиз, танловсиз, аммо имтиёзлар билан топширилган “Ўзбеккўмир”

2019 йилда Россиянинг “ProgressGortex” МЧЖ “Ўзбеккўмир” АЖга ишончли бошқарувчи сифатида жалб қилинди. Бунда “Ўзбеккўмир” устав капиталидаги 45 фоиз акциялар пакети ишончли бошқарувга берилиши назарда тутилганди.

Бироқ ўша йили октябр ойида қарорга ўзгартиришлар киритилди ва “Ўзбеккўмир” Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилмайдиган бўлди.

Ишончли бошқарувчи тендерсиз, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида танланадиган бўлди.

2020 йилда давлат активларини бошқариш агентлиги ўтказган матбуот анжуманида “Ўзбеккўмир” АЖ Қозоғистоннинг “Central Asia Energy” компаниясига ишончли бошқарувга берилгани маълум бўлди.

Қарорга кўра, “Ўзбеккўмир”ни ишончли бошқарувга оладиган компания жамиятнинг ривожлантириш стратегиясини амалга ошириши керак эди. Бироқ бу ривожлантириш стратегиясида нималар назарда тутилгани, ишончли бошқарувчининг қандай мажбуриятлари борлиги каби масалалар ёпиқлигича қолди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ноябрдаги 909-сонли қарори, ишончли бошқарувчининг жамиятни ривожлантириш стратегияси ва ишончли бошқарувга бериш тўғрисида томонлар ўртасида тузилган шартнома – ёпиқ.

Мажбуриятлар, жавобгарлик масалалари очиқланмаган ҳолда, 2019 йилдаги қарор билан, истисно тариқасида, 2024 йил 1 январга қадар ишончли бошқарувчига бир қатор имтиёзлар берилди. Жумладан, у юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, лицензиялаш ва сертификатлаш билан боғлиқ тўловлар, йиғимлар ва давлат божлари ҳамда божхона божларини тўлашдан озод қилинди.

Ўз навбатида, “Ўзбеккўмир” АЖга ҳам солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.

Мажбуриятлар

Кўмир саноатининг бевосита ичидаги манба Kun.uz'га Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Central Asia Energy” ва “Ўзбеккўмир” АЖ ўртасида 2020 йилда тузилган шартномани тақдим этди.

Шартномага кўра, “Ўзбеккўмир” устав капиталидаги 90,08 фоиз (35 930 547 та акция) давлат улушлари “Central Asia Energy”га ишончли бошқарувга берилган.

Ҳужжатга асосан, ишончли бошқарувчи қуйидагиларни кафолатлаши керак:

  • Ангрен конида кафолатланган ва барқарор кўмир қазиб олиш;
  • “Ангрен ИЭС” АЖ, “Янги-Ангрен ИЭС” АЖ ва “Ўзбеккўмир” АЖни ягона комплекс сифатида, улар ўртасида молиявий оқимларни оқилона тақсимлаган ҳолда бошқариш; бунда улар ўртасида электр ва иссиқлик энергиясининг тақсимоти, шунингдек кўмир маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошқариш;
  • маҳаллий кўмирдан биринчи навбатда “Ангрен ИЭС” АЖ, “Янги Ангрен ИЭС” АЖ, аҳоли ва бюджет ташкилотлари эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
  • зарур ҳолларда, эҳтиёжни қоплаш учун импорт қилинадиган кўмирнинг кафолатланган етказиб берилишини Иқтисодиёт вазирлиги ёки бошқа ваколатли органлар билан келишиш.

Шунингдек, лойиҳа компанияси йил давомида кўмир ёқишга ўтиш муддатларини ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши, “Ангрен” конида кўмир ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш харажатлари ва электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириши ва мақбул тарифларни аниқлаши белгиланган.

Оқибатда нима бўлди?

Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСларни комплекс сифатида бошқаришни зиммасига олган ишончли бошқарув ортидан ИЭСлар зарарга кириб кетди. Ўтган даврда иккала станцияда 1,5 триллион сўмлик зарар жамланди. “Ўзбеккўмир” ҳам 2020 йилда ишончли бошқарувга берилгач, йилни 184 млрд сўм зарар билан якунлади.

Аҳоли совуқ уйларда яшашга мажбур бўлгани ва кетма-кет авариялар рўй берганидан кейин, 2023 йилнинг январ ойида Вазирлар Маҳкамаси “Ангрен ИЭС” АЖни ишончли бошқарувдан қайтариб олишга қарор қилгани айтилди.

Бироқ “Ўзбеккўмир”нинг ишончли бошқарувга бериш шартномасини ўрганишлар чоғида маълум бўлдики, аслида расмийлар муаммолар ортидан Ангрен ИЭСни ишончли бошқарувдан қайтариб олмаган, балки ишончли бошқарув шартномаси муддати 2022 йил декабрда тугаган.

Гарчи 2023 йил бошида иккала ИЭС ҳам ишончли бошқарувдан олингани айтилган бўлса-да, аслида Ангрен ИЭС бошқарувдан олиниб, Янги Ангрен ИЭС ва “Ўзбеккўмир” АЖ бўйича ишончли бошқарув давом эттирилган.

Kun.uz билан суҳбатда “Ўзбеккўмир” АЖ масъули шартнома муддати 2023 йил якунига қадар узайтирилганини тасдиқлади.

“Ишончли бошқарувчи мажбуриятларидаги биринчи масала: бошқарувчи компания “Ангрен” кўмир конида кафолатланган кўмир қазиб олиши назарда тутилган. Нега “Aпартак” кўмир кони йўқ деган савол туғилади. Ҳолбуки, “Янги Ангрен” конига кўмир буткул “Апартак” конидан етказиб берилади.

Иккинчи масала, ИЭСлар ва “Ўзбеккўмир”ни бир комплекс сифатида бошқаришга қарасак, бунда кондан кўмирни қазиб олиб, уни ИЭСлар учун ишлатиш назарда тутилган. Ишончли бошқарувчи комплекс сифатида рационал бошқаришни эплай олмади. 2022 йил январдан авариялар, ундан олдин портлашлар содир бўлди. 2023 йилдан ишончли бошқарувдан чиқарилган “Ангрен” ИЭС ишончли бошқарувчидан тортиб олинмади, балки бошқарувчи шунчаки ундан воз кечиб юборди. Улар юқори калорияли Қозоғистон кўмирини ёқа олмади, ёниб кетаверди. Ангрен ИЭС маънавий эскиргани сабабли, ўзларига манфаатсиз корхонани бошқарувдан чиқариб юбориб, Янги Ангрен ва “Ўзбеккўмир”ни сақлаб қолишди”, – дейди манба.

Шартномада “Central Asia Energy”, “Ўзбеккўмир” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда тупроқни тозалаш ва кўмир қазиб олишни босқичма-босқич бошлаш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мажбуриятини ҳам олган.

Унга кўра, бошқарувчи компания лойиҳа компаниясининг молиявий-иқтисодий соғломлаштириш, бошқарув тизими самарадорлигини ошириш ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар кўриши, шунингдек, “Ангрен” кони ҳолатини барқарорлаштириш учун молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда зарур бўлган инвестицияларнинг аниқ ҳажмларини аниқлаши керак.

“Бошқарувчи компания янги техникалар олиб келиши керак эди, бироқ ҳалигача янги техникалар олиб келинмади. Технологик қайта жиҳозлаш борасида ишлар кетяпти, 2022 йил ўрталарида биттагина қазиб олишларни бажарувчи экскаватор олиб келинди”, – дейди вазиятдан хабардор суҳбатдошимиз.

Бундан ташқари, шартномада “Ангрен” карьерида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини барқарор ва хавфсиз олиб бориш, эксплуатация харажатларини тўлиқ қоплаш ҳамда жалб қилинган кредитларни ўз вақтида қайтариш имконини берувчи зарур минимал рентабелликни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш ва тозалаш ишлари ҳажмини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш ҳам белгиланган.

“Бизда кўмир кон устки қатламини очиш жараёни амалга оширилмаяпти, яъни кон ишлари хавфсиз олиб борилмайди. Бу шуни англатадики, устки қатлам олиб ташланмасдан кўмир олиняпти. Кон тагидан кўмир олиниб, устки қатламдаги тупроқ қолиб кетяпти, охир-оқибат устки қатлам тўкилиб тушади. Давлатга “план”ни бажариб бериш керак, устки қатлам эса улар учун катта аҳамиятга эга эмас: уни сотиб бўлмайди, сотса ҳам унчалик катта фойда келтирмайди. Устки қатламни олиб ташлаш учун техника ва эҳтиёт қисмлари етишмаётганини айтишяпти. Бошқарув компанияси шу ишларни қилиши керак: технологик жиҳозлаш ва шу вақтгача давлатнинг ўзи қилолмаган ишни қилиш учун келган-ку? Мақсад фақат фойдамизга шерик бўлиш бўлганми? Агар бошқарувчи компания ҳеч нарсани ўзгартира олмаса, активлар давлатда тургани яхши эмасмиди?”

Мақола бошидаги имтиёзларни эслаймиз: бошқарувчи компания айни шу ишларни амалга ошириш учун 2024 йилгача кўрсатиладиган хизматлар, олиб кириладиган товарлар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, материаллар ва технологик жиҳозларни олиб киришда, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларида лицензиялаш ва сертификатлашда тегишли тўловлар, йиғимлар ва давлат божларини тўлашдан озод қилинган.

Бундан ташқари, ишончли бошқарувчи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ четдан олиб кириладиган лойиҳа ва техник ҳужжатлар, металл прокати, қурилиш ва ёрдамчи материаллар, асбоблар ва уларнинг қисмлари, бутловчи буюм ва қисмлар, кимёвий реактивлар ва лаборатория мебеллари учун божхона божларини ҳам тўламайди.

Бошқарувчининг мажбуриятлари қаторида “Ангрен” ИЭС ва “Янги Ангрен” ИЭС АЖда маҳаллий ва импорт қилинадиган кўмирдан оптимал нисбатларда фойдаланишни таъминлаш ҳам назарда тутилган. Бунда табиий газдан фойдаланишни максимал даражада қисқартириш кераклиги белгиланган.

Амалда эса, кўмир импорти статистикаси жамоатчиликда баҳсли саволларни туғдирди. 2022 йилнинг 11 ойида Россиядан каррасига қиммат кўмир импорт қилинди. Бу даврда Ўзбекистонга 105,8 млн долларлик 2,39 млн тонна кўмир импорт қилинган. Кўмирнинг ўртача нархи тоннасига 44,1 долларга етган (ўтган йил билан таққослаганда 15,3 фоизга қиммат). Ўзбекистонга Россиядан импорт қилинаётган кўмир Қозоғистондан келтирилаётганига қараганда 8,8 баробар, Қирғизистон кўмирига қараганда эса 11,1 баробарга қимматга тушган.

Ишончли бошқарувчига иш ҳақи

Шартномада ишончли бошқарувчига маъмурий харажатларни қоплаш учун “Ўзбеккўмир” АЖ маблағлари ҳисобидан 1 млрд 630 млн сўм асосий иш ҳақи белгиланган. Бу маблағлар ҳар ойнинг 5-санасига қадар тўлаб берилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили асосий тўлов миқдорини 15 фоизга ошириб бориш назарда тутилган.

Шунингдек, стратегиянинг молиявий натижаларидан келиб чиқиб, бенефициар акциялари улуши бўйича ҳисобланган дивидендларнинг бир қисми ҳисобидан бонус тўланиши ҳақида ҳам сўз боради.

“Ўзбеккўмир” Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтиши керак эди. Ишончли бошқарув нима бўлади?

2023 йил 1 мартдаги 83-сонли президент қарори билан, 31 та давлат корхонаси акциялари президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилиши белгиланди. Бу корхоналар қаторида “Ўзбеккўмир” ҳам бор эди.

Қарор билан мазкур корхоналар устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) “UzAssets” инвестиция компанияси бошқарувига берилиши белгиланган (“UzAssets”нинг ўзи ҳам Давактивдан олиниб, Стратегик агентликка бўйсундирилди).

“UzAssets” иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга йирик корхоналарни ислоҳ қилиш, уларнинг рентабеллиги ва операцион самарадорлигини ошириш, самарали бошқарилишини ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан шуғулланади. Хўш, “Ўзбеккўмир” Давактивдан Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилса, ишончли бошқарув нима бўлади? Kun.uz'нинг бу борадаги сўровига агентлик матбуот хизмати қуйидагича жавобни тақдим этди:

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига асосан, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаси тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Шунга кўра, шартномани бекор қилиш ёки давом эттириш томонларнинг келишувига асосан ҳал қилинади”.

Олигархия?

2017 йил январда Ўзбекистонда “SFI Management Group” МЧЖ ташкил этилган. Шу йилнинг ўзидаёқ бу янги компанияга давлатга қарашли йирик корхоналар – ОКМК, “Ўзметкомбинат” ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” ишончли бошқарувга берилганди. Бу борадаги келишувлар 2021 йил февралида бекор қилинди.

Бу орада, Қозоғистондаги кичик корхона (ходимлари сони 5 нафардан ошмайдиган) – “Горние работи”нинг таъсисчилигида 2019 йили Ўзбекистонда “Central Asia Energy” МЧЖ очилган. Бу компания ҳам, аввалгиси каби, очилганидан кейин кўп ўтмай юқорида айтиб ўтилган учта йирик давлат активининг ишончли бошқарувини қўлга киритган (“Ангрен” ва “Янги Ангрен” ИЭСлар ҳамда “Ўзбеккўмир”).

Ўзбекистон ҳукумати металлургия заводларини SFI гуруҳига, иккита ИЭС ва кўмир саноатини эса қозоқ компаниясига нега ҳеч қанақа танловсиз бериб юборгани, уларга қандай мажбуриятлар юклатилганини ҳеч қачон очиқламаган.

Миллиардер Алишер Усмонов 2018 йилда русча Forbes'га берган интервюсида унинг “Метоллоинвест” ҳолдинги SFI гуруҳи билан ҳамкорлик қилишини, бу гуруҳ бошқа бир таниқли миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Кобул Шодиевга тегишли эканини айтган. Очиқ манбаларда Шодиев Бобур Кобулович (“Пахтакор” ФКнинг собиқ президенти) “SFI Management Group” МЧЖ кузатув кенгаши раиси бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Kun.uz аввал ҳам ёзганидек, айнан SFI'нинг Шодиевларга алоқадорлиги эҳтимоли шуниси билан ҳам муҳимки, 2019 йили “Central Asia Energy” ташкил этилган вақтда унинг юридик манзили “SFI Management Group”ники билан бир хил бўлган (Тошкент шаҳри, Бунёдкор шоҳкўчаси, 42/1). Бу эса Ангрендаги ИЭСларнинг “ишончли бошқарувчи”си ҳам Шодиевлар бўлиши мумкинлигига ишора қилади.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид