Ўзбекистон | 19:08 / 19.07.2022
35232
9 дақиқада ўқилади

ЙТҲлар бўйича фожиали рақамлар: Давлат нималар қилмоқчи?

Ўзбекистонда кўчага чиққан одамнинг ЙТҲга учраб ўлиши эҳтимоли ривожланган давлатларга қараганда 3 баробарга юқори. ЙТҲларни камайтириш бўйича 2018-2022 йиллардаги концепциядан кейин энди 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди. Дастурдаги асосий жиҳатлар, хусусан Тошкентда кутилаётган янгиликларни санаб ўтамиз.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда автомобиллар анча камлигига қарамай, автоҳалокатлар ва улардаги ўлимлар сонининг ҳаддан ташқари кўплиги узоқ йиллардан бери оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда.

Ўтган йили республикада инсон жароҳатланиши билан боғлиқ ЙТҲлар сони уч йиллик танаффусдан кейин яна 10 мингдан ошди, ҳалок бўлганлар сони яна 2,5 мингга яқинлашди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 784 киши автоҳалокат қурбони бўлган, бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 127 тага ёки 14 фоизга кам. Жароҳатланганлар сони 2842 нафардан 2775 нафарга тушган. Бундай ноодатий ва кескин ижобий ўзгаришнинг сабаблари борасида ҳозирча изоҳ берилгани йўқ; эслатиб ўтамиз, феврал ойида президент йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласида селектор ўтказган эди (бу ҳақда қуйироқда).

Ҳалокатли ЙТҲларнинг 54 фоизи субъектив омиллар ҳисобига рўй берган бўлса (23 фоиз ҳолатда тезликни ошириш сабаб бўлган), 46 фоиз авариялар йўл инфратузилмаси билан боғлиқ. Яъни жароҳатланишга олиб келаётган ҳар иккита ЙТҲдан биттаси ҳайдовчи ва пиёдага боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга эга.

Жаҳон банки маълумотига кўра, 2010 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 11,3 нафар ЙТҲ қурбони тўғри келган ва мамлакатнинг бу борадаги натижаси Озарбойжон (11,4), Латвия (11,8), Литва (12,1), Молдова (13,2), Украина (15,4) ва Беларус (21,9)дагидан яхшироқ бўлган. Лекин кейинги 10 йилда вазият ўзгариб, Ўзбекистон йўллардаги ўлимлар сони бўйича бу 6 та давлатнинг барчасидан илгарилаб кетди.

Минтақанинг қатор давлатлари автоҳалокатлар оқибатидаги ўлимлар сонини қисқартириш бўйича Ўзбекистонга қараганда анча самаралироқ сиёсат олиб борди. Ўзбекистон 10 йил ичида бу шартли еттиликда биринчи ўриндан охирги ўринга тушиб қолди. / Инфографика: Жаҳон банки

2019 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 11,7 нафар ЙТҲ қурбони тўғри келди. Таққослаш учун, бу – Озарбойжон (6,7) ва Молдовадаги (7,3) кўрсаткичдан сезиларли даражада ёмон. Ўзбекистонда кўчага чиққан инсоннинг ЙТҲга учраб ўлиши эҳтимоли Белгия, Кипр ва Чехиядагига қараганда 2 баробар, Германия ва Японияга қараганда 3 баробар юқори.

Ваҳоланки, ўзи шундоқ ҳам протекционизм сиёсати туфайли Ўзбекистондаги автомобиллар сони юқоридаги мамлакатларга қараганда бир неча ўн баробарга кам.

2018 йилда Ўзбекистонда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича беш йиллик концепция қабул қилинган эди. Куни кеча навбатдаги беш йиллик – 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури тасдиқланди.

Янги дастур аввалгисидан қамровининг кенглиги билан ажралиб туради. Бироқ бу ҳужжатда ҳам авариялар ва ўлимлар сонини қанчага камайтириш бўйича аниқ мақсадли рақамлар (таргет) белгиланмаган. Аниқроғи, кўриладиган чоралардан қандай натижа кутилиши баҳолаб чиқилмаган.

Қайд этиш керак, феврал ойида айнан йўл ҳаракати мавзусида илк марта президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Давлат раҳбари ЙТҲлар бўйича статистикани келтириб, буни фожиа деб атади. Шавкат Мирзиёев масъулларни ЙТҲлар кўплигига эътиборсизликда айблаб, бир неча раҳбарни ишдан олди. Шундан сўнг Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилди, қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими 2023 йилдан жорий этиладиган бўлди.

Шу йил бошидан, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодларни имтиҳондан ўтказишнинг инсон омилисиз, автоматлаштирилган тизимига ўтилиши бошланди. Ҳозирга келиб бундай марказлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият бошлаган. Шу билан бирга, автомактаблар тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳам қатор ўзгаришлар қилинмоқда. Шу ва янги дастурда белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш орқали ЙТҲлар сони камайишига эришиш мўлжалланмоқда.

Беш йиллик учун белгиланган вазифалар қуйидагича гуруҳларга ажратилган:

  • йўллар инфратузилмасини яхшилаш;
  • йўлларда ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
  • жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
  • тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш;
  • ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш.

Йўллар инфратузилмасини яхшилаш йўналишидаги режалар (республика бўйича):

  • мавжуд 454 180 та йўл белгисидан 316 065 таси (70 фоизи)ни яроқсиз ҳолга келгани учун алмаштириш, 184 450 та янги йўл белгиларини ўрнатиш;
  • мактаблар олдига тезликни чекловчи 20 117 та йўл белгиларини ўрнатиш;
  • мавжуд 2,5 мингдан ортиқ светофордан 1,7 мингга яқини (70 фоизи)ни таъмирлаш, 1459 та янги светофор ўрнатиш;
  • мавжуд 459 та пиёдалар светофоридан 275 таси (60 фоизи)ни таъмирлаш, 807 та янги пиёдалар светофорини ўрнатиш;
  • 439 та пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатиш;
  • 3 435 км тротуар қуриш;
  • 3 112 км велосипед йўлакларини қуриш;
  • 74 та янги ерусти пиёдалар ўтиш жойларини қуриш (ҳозирда уларнинг сони 24 та);
  • 76 та янги ерости пиёдалар ўтиш жойларини қуриш (ҳозирда уларнинг сони 75 та);
  • 73 та янги йўл ўтказгич қуриш;
  • 38 та янги кўприк қуриш;
  • 58,85 км2 йўлнинг қатнов қисмини таъмирлаш;
  • 1 898 км йўлнинг қатнов қисмини кенгайтириб, тоифасини ўзгартириш;
  • 286 км янги автомобил йўлларини қуриш;
  • 3 341 км йўлни сунъий ёритиш;
  • 889 та чорраҳанинг геометрик параметрларини ўзгартириш орқали ўтказувчанлик қобилиятини ошириш;
  • 178 та жойда орқага қайрилиб олишни “томчисимон” шаклга ўтказиш;
  • йирик шаҳарлардаги 70 та йирик бозор атрофида кўп қаватли ёки ерости автотураргоҳлар ташкил қилиш;
  • 116 та жойда автоматлаштирилган йўл бўйи пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
  • транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм кўрсаткичларини назорат қилувчи 52 та пункт ташкил этиш ва бошқалар.

Тошкент шаҳри

4,5 йил давомида пойтахтда мавжуд 52 мингта йўл белгисидан 15 мингтаси (29 фоизи)ни янгилаш, 14 мингта янги йўл белгиси ўрнатиш кўзда тутилган. Шундан 1,5 мингтаси – мактаблар олдига ўрнатиладиган тезликни чекловчи йўл белгилари бўлади.

Шаҳарда светофор ўрнатилган чорраҳалар сони 605 тани ташкил қилади: бу светофорларнинг барчаси реконструкция қилиниб, марказий бошқарув тизимига интеграция қилинади ва ягона рақамли бошқарув тизимига ўтказилади. 104 та чорраҳага қоидабузарликни қайд этувчи камералар ўрнатилади, бундай камералар шаҳар кўчаларининг яна 110 та қисмига ҳам жойлаштирилади. Шунингдек, автомобилларга мўлжалланган 200 та янги светофор ўрнатилади.

Маълум бўлишича, шаҳардаги мавжуд пиёдалар светофорлари сони бор-йўғи 125 та. Уларнинг 45 таси таъмирланади, пиёдалар учун 69 та янги светофор ўрнатилади. 240 км тротуар, 140 км велойўлак қуриш ҳам режалаштирилган.

5 йил давомида ҳар йили 5 тадан ерусти, 5 тадан ерости пиёдалар ўтиш жойлари қурилади. Маълумот учун, ҳозир шаҳардаги ерусти ўтиш жойлари сони 10 та, ерости ўтиш жойлари эса 41 та.

Тошкентда 58 км йўлни кенгайтириш, 11 та янги йўл ўтказгич қуриш кўзда тутилган.

2022 йилда 10 та, кейинги тўрт йилда ҳар йили 5 тадан паркоматлар (йўл бўйидаги автоматлашган пулли тўхт аш жойлари) ташкил этилади.  Йирик бозорлар атрофида кўп қаватли ёки ерости автотураргоҳлар қурилади   –   ҳар йили 5 тадан (бозорларнинг даромадлари ҳисобидан).

512 та чорраҳанинг геометрик параметрларини ўзгартириш орқали ўтказувчанлик оширилади.  Шаҳарнинг 80 та кўчасида оғир юк автомобилларнинг ҳаракатини чеклаш (юк автомобиллари ҳаракати электрон харитасини тузиш) ҳам назарда тутилган.

Йўл ҳаракатини рақамлаштириш учун Йўлларда транспорт оқимини назорат қилиш мониторинг маркази, йўл белгиларининг ўрнатилган жойлари аниқ кўрсатилган ягона электрон харита, ЙТҲлар ҳисоботи ва таҳлилини олиб борадиган ягона электрон харита ташкил этилади.

2026 йил охиригача Тошкентда 673 та янги жамоат транспорти йўналишини очиш, 1160 та автобус бекатини қуриш ва реконструкция қилиш режа қилинмоқда. Бекатлар жами 450 та монитор билан жиҳозланади.

480 та жамоат транспортига автоматлаштирилган тўлов тизими, 250 та жамоат транспортига GPS/ГЛОНАСС трекер ўрнатилиб,  жамоат транспорти автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига ўтказилади. Бундан ташқари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларига 12 889 та видеорегистратор ўрнатилади.

  • Дастурда белгиланган тадбирларнинг бажарилишини т аъминлаш учун жавобгарлик шахсан ҳокимлар, ички ишлар вазири ҳамда Автойўллар қўмитаси раиси зиммасига юкланди.
  • Прокуратура органлари дастур ижроси юзасидан мониторинг ўтказади, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига ахборот киритиб боради.

Мавзуга оид