“Иттифоқ эмас, импорт шартномаси орқали” — энергетика вазири қўшнилардан газ импорти ҳақида
Бош вазир ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон қўшни давлатлардан энергоресурсларни “аллақандай алянс ёки иттифоқ” доирасида эмас, импорт шартномалари орқали сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказаётганини айтди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги соҳага доир қатор саволларга вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг видеожавобларини Kun.uz'га тақдим этди.
“Ўзбекистон-Қозоғистон-Россия газ иттифоқини ташкил этиш ва халқни бунга ихтиёрий рози қилиш мақсадида энергия соҳасида сунъий тақчиллик яратилаётгани ростми?” деган саволга жавобан Мирзамаҳмудовнинг айтишича, шу кунларда кузатилаётган узилишлар ташқи факторларга боғлиқ эмас.
“Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу [энерготаъминотдаги узилишлар – таҳр.] қандайдир ташқи факторларга боғлиқ бўлмаган ҳолат. Бу ички истеъмолнинг ошиши, иқтисодиётимизнинг ошиши, аҳоли сони, фаровонлиги ва даромадининг ошиши оқибатида энергоресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжи кескин ошиб боряпти. Энг аввало шуни айтиш керакки, етарли ҳажмларда шу эҳтиёжни қондира олмаётганимиз бу бизнинг айбимиз”, – деди у.
Энергетика вазирининг сўзларига кўра, талабнинг ортиб бораётгани энергия ресурсларини импорт қилишни тақозо этмоқда.
“Маълум ҳажмда импорт қилишга ҳам эҳтиёж туғиляпти. Шу эҳтиёжни қондириш, масалани ечиш мақсадида ҳозирги кунда биз аллақандай алянс, иттифоқ эмас, қўшни давлатлардан ўз эҳтиёжимиз учун зарур бўлган табиий газ ва электр энергиясини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни қандайдир бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деди Мирзамаҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Москвага ташрифи вақтида Россия президенти Владимир Путиннинг газ иттифоқи ғояси ҳақида гапирган эди. Тўқаевнинг сўзларига кўра, Путин Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокида газ иттифоқи ташкил этишни таклиф қилган ва бу масалада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилишини айтган.
Орадан икки кун ўтиб, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Президентлар, расмий релизга кўра, “Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари” бўйича фикр алмашган.
Қозоғистон томони бу ҳозирча таклиф экани ва у кўриб чиқилишини айтмоқда. Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак эса Ўзбекистон бу иттифоқ ғоясига гўёки “қизиқиш билдиргани”ни иддао қилган. Ўзбекистонлик фаоллар Путиннинг бу ғоясини Марказий Осиё давлатлари энергетик мустақиллиги навбатдаги жиддий таҳдид деб кўрмоқда.
Мавзуга оид
16:56 / 16.11.2024
«Ҳам масъулият, ҳам жавобгарлик белгиланди» — энергетика вазири
19:38 / 08.10.2024
“2030 йилга бориб газ импорти 10-11 млрд куб метрга етиши мумкин” — энергетика вазири
20:45 / 07.10.2024
Газлашмаган ҳовлилар учун ҳам электр энергиясига 50 фоизлик чегирма берилиши мумкин
18:52 / 06.10.2024