Ўзбекистон | 21:33 / 22.01.2026
8041
4 дақиқада ўқилади

Озодликка чиққан “замҳоким” ва ўзгарадиган авторақамлар – маҳаллий дайжест

Онлайн фирибгарликка қарши янги талаблар белгиланди, оғир юк машиналари ва юридик шахсларга тегишли таксилар учун янги авторақамлар жорий этилади, Андижон вилояти ҳокимининг 7 йилга қамалган собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроев озодликка чиқди. Шу ва бошқа маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект ёрдамида ноқонуний ишлов берганлик учун жавобгарлик белгиланди

Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш, уларни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш учун жавобгарлик белгиланди.

Энди бундай қилмиш БҲМ 50 бараваридан 100 бараваригача (41 млн 200 минг сўмгача) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳам мусодара қилинади. Қонун аллақачон кучга кирди.

Онлайн фирибгарликка қарши янги талаблар белгиланди

Янги низомга кўра, кредит ташкилотлари мижозлар онлайн фирибгарлик ҳолатлари бўйича тезкор мурожаат қилиши учун банк картасининг орқа томонида 24 соат ишлайдиган алоқа рақамини жойлаштириши шарт.

Шу билан бирга, банк картаси расмийлаштирилганда ёки бошқа молиявий хизматлар кўрсатилганда тузиладиган шартномалар ва оммавий оферталарда қатор муҳим қоидалар аниқ белгиланиши лозим. Хусусан, фойдаланувчига фирибгарлик белгилари аниқлангани ҳақида маълумот берилиши назарда тутилади.

Энг оғир юк машиналари ва юридик шахсларга тегишли таксилар учун янги авторақамлар жорий этилади

Ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб қуйидаги янгиликлар жорий этилади:

- умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, кон, шахта ва карерларда қўлланадиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, “антиквар” автомототранспортлар учун алоҳида серияли давлат рақам белгилари жорий этилади;

- ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади, бундай транспортлар давлат рўйхатидан чиқарилади.

Тошкентда чанг автобусда йўловчилар ташилган ҳолат ортидан масъуллар жазоланди

Тошкентда 121-сон автобусда тозаликка риоя қилинмаганига оид Kun.uz хабаридан сўнг, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 18-автобус саройи тасарруфидаги ушбу автобус корхонага қайтарилгани, тозаланиб, санитар ҳолати жойига келтирилганини маълум қилди.

Шу билан бирга, автобус ифлосланган ҳолатда йўналишга чиқишига йўл қўйгани учун масъул ходимларга, яъни навбатчи механик ва хўжалик бўлими бошлиғи, корхона раҳбари ўринбосарининг ойлик маошига 20 фоиздан жарима қўллангани қайд этилди. Расмийлар келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради.

Андижон вилояти ҳокимининг 7 йилга қамалган собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроев озодликка чиқди

У 2024 йил 14 октябрда қамоққа олинган ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятида айбли деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Kun.uz танишган суд ажримида келтирилишича, Ботиржон Ҳамроев билан боғлиқ жиноят иши доирасида қарийб 30 киши судланган. Уларнинг бир нечтаси Андижон вилоятидаги турли корхона вакиллари бўлса, аксарияти “Агробанк” АТБ Андижон вилоят бошқармаси мансабдорлари ҳисобланади.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 26 декабрдаги ажримига асосан биринчи инстанция суди ҳукми билан Ботиржон Ҳамроевга тайинланган жазо жиноят оқибатида етказилган зарар қоплангани муносабати билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириб бориш шарти билан 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид