Спорт | 17:58 / 07.06.2016
5463
2 дақиқада ўқилади

«Лестер» футболчилари Вардини «Арсенал»га ўтишдан қайтармоқда

«Лестер»нинг бир қатор футболчилари жамоа ҳужумчиси Жейми Варди билан гаплашган ва уни жамоада қолишга ундаган.

Бундан олдинроқ, Варди Лондоннинг «Арсенал» жамоасига ўтиш арафасида экани хабар қилинди. Бу хабарни Англиянинг амалдаги чемпионлари устози Клаудио Раньери ҳам тасдиқлади.

Варди 6 июнь куни лондонликлар жамоасида тиббий кўрикдан ўтиб, шартномага имзо чекиши кутилаётганди. Аммо бу рўй бермади ва футболчи терма жамоа билан Францияга, Европа чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетди.

The Telegraph хабарига кўра, Варди билан «Лестер»нинг Каспер Шмейхель, Уэс Морган ва Роберт Ҳут каби етакчилари гаплашган ва уни жамоадан кетмасликка чақирган.

«Арсенал» Варди учун 20 миллион фунт тўлаб, унга 4 йил давомида 24 миллион фунт миқдорида маош бермоқчи.

Якунланган мавсумда 29 ёшли Жейми Варди «Лестер» учун АПЛда 36 учрашувда майдонга тушиб, 24 гол муаллифи бўлди ва 8 марта голли пас узатди.

«Арсенал» Вардидан ташқари, «Лестер»нинг бошқа етакчилари, Риёз Маҳрез ва Нголо Кантени ҳам ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда.