Ўзбекистон | 16:45 / 25.07.2016
19864
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари раҳбарлари ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди

24 июль куни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Карим Масимов билан телефон орқали суҳбатлашган. Бу ҳақда Масимов ўз твиттерида маълум қилган.

"Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан телефон мулоқоти ташкил этилди", дея ёзган вазир.

У твиттерида мулоқотнинг тафсилотларини келтирмаган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 23 ноябрида ўрнатилган.

Икки давлат муносабатлари Абадий дўстлик ҳақидаги келишув ва Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома асосида ривожланиб келмоқда.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембаев 8 июнь куни ўтказилган брифингда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 5 млрд долларга етказилишини маълум қилганди.

2015 йил якунларига кўра икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 3 миллиард долларни ташкил этган.

Ўзбекистондан Қозоғистонга пахта толаси, кимёвий маҳсулотлар, пластмасса, кўмир, полиз экинлари ҳамда бошқа хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинади.

Ўзбекистон Қозоғистондан нефть маҳсулотлари, ун маҳсулотлари, буғдой ва дон маҳсулотлари, рангли металлар, неорганик кимё маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилади.