Ўзбекистонда болалар боғчасига қабул бўйича аризаларни онлайн тақдим этиш имконияти яратилди
«Болаларни мактабгача тарбия муассасаларига қабул қилиш бўйича аризаларни қабул қилиш» интерактив хизмати, фақатгина Тошкент шаҳри аҳолиси учун тақдим этилар эди, энди эса бу хизматдан Ўзбекистоннинг хоҳлаган нуқтасидан туриб фойдаланиш имконияти яратилди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали хабар бермоқда.
Бу хизматдан Ягона порталдан рўйхатдан ўтган ва ЭРИ (электрон рақамли имзо) га эга бўлган жисмоний шахслар фойдаланишлари мумкин. Хизматдан фойдаланиш учун электрон шаклдаги аризани тўлдириш ва зарурий ҳужжатлар (Хизмат паспортининг «Ҳужжатлар» бўлимида кўрсатилган) тўпламини тақдим этиш кифоя.
Йўлланма олиш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилади ва қабул қилинган қарор ҳақида 3 кун муддат ичида аризачига хабар берилади. Хизмат кўрсатиш нархи – бепул.