Август ойи охирида Қозоғистонга кириш учун пулли рухсатнома жорий этилиши ва бу ўзбекистонликларга ҳам тааллуқли бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хорижликлар учун электрон рухсатномани жорий этиш масаласи ишлаб чиқилаётгани давлат раҳбари имзолаган қонун ҳамда республика ИИВ лойиҳасидан маълум эди, аммо бу лойиҳа ҳозирча коррупцияга қарши экспертиза босқичида турибди. Рухсатноманинг пулли бўлиш-бўлмаслиги ҳам ҳали ҳал этилмаган. Электрон рухсатнома бериш тизимининг ўзи январь ойидан бери синов режимида ишламоқда, лекин ундан фойдаланиш мажбурий эмас.

Сербия Ташқи ишлар вазирлиги хабари муҳокамаларга сабаб бўлди

Сербия Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ушбу тизим тўғрисида расмий хабар берди ва у баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Хабарга кўра, пулли электрон рухсатнома тизими Қозоғистонда 25 августдан 1 ноябргача синов режимида ишга туширилади. Шу даврда хорижликлар Қозоғистонга электрон рухсатномасиз (QazETA) ҳам киритилади, бироқ улар янги қоидалар ҳақида огоҳлантирилиши лозим.

Сербия ТИВ хабарига кўра, 1 ноябрдан бошлаб самолётда келувчилар учун рухсатнома олиш мажбурий бўлади. 15 ноябрдан ЕОИИ аъзоси бўлмаган давлатлар (жумладан, Ўзбекистон) билан чегарадаги автомобил назорат-ўтказиш пунктлари орқали киришда QazETA талаб этилади. 30 ноябрдан эса бу қоидалар ЕОИИ аъзолари, жумладан, Россия томонидан кириш учун ҳам қўлланади. 15 декабрдан эътиборан Қозоғистонга поезд ва денгиз орқали келувчилардан ҳам QazETA талаб қилинади.

Сербия ТИВ хабарида таъкидланишича, рухсатномани мамлакатга киришдан камида 72 соат олдин онлайн тарзда олиш мумкин ва у 180 кунга берилади. QazETA олдиндан расмийлаштирилганда унинг нархи тахминан 3900 тенге (7,3 евро), чегарада расмийлаштирилганда эса 7800 тенге (14,6 евро) бўлиши кутилмоқда.

Қозоғистон ҳукумати мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома ҳақида нима деган эди?

24 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев миграция тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Унда, жумладан, мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома ҳақида сўз бориб, бунинг учун тўлов ундирилиши ҳам қайд этилган. «Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Қозоғистон Республикасига кириши мамлакатга кириш учун электрон рухсатнома асосида амалга оширилади», — дейилган қонунда. Тўлов тартиби ва миқдорини Қозоғистон ҳукумати белгилаши керак.