13 йиллик қамоқ жазоси эвазига берилган 258 минг доллар
ХХР ҳукумати, қотилликда асоссиз айбланиб, 13 йил қамоқда ўтириб чиққан хитойлик аёлга 1,72 миллион юань (258 минг АҚШ доллари атрофида) товон пули тўлади, деб хабар қилмоқда Синьхуа агентлиги.
Хабарларга кўра, 2002-йили Цянь Жэньфэн (Qian Renfeng) ишлаган болалар боғчасида таомдан заҳарланиш билан бир бола ҳаётдан кўз юмган, икки нафари шифохонага ётқизилган эди. У, ўша вақтда болалар овқатини тайёрлаш билан шуғулланган. Ҳодисадан сўнг, уни таомга заҳар қўшгани ҳамда болани қасддан ўлдирганини тан олишга мажбурлашган.
2013-йили Юньнань вилояти прокуратураси ушбу иш бўйича қайтадан тергов ишларини олиб борган. 2015-йил майида прокуратура мазкур жиноят ишида аёлга нисбатан далиллар етарли эмаслигини аниқлагач, судга ишни қайтадан кўриб чиқишни тавсия қилган. 2015-йил декабрь ойида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида, суд Цянь Жэньфэн айбини исботловчи далиллар етарли эмас, деб топган ва уни қамоқдан озод этиш бўйича ҳукм чиқарган эди.
Шундан сўнг, жабрдийда 1,45 миллион доллар товон пули талаб қилиб, судга мурожаат қилган. Бироқ, суд унга 258 минг доллар тўлаш бўйича қарор чиқарган.