Жаҳон | 12:32 / 22.09.2016
18877
3 дақиқада ўқилади

Die Welt: Россия жаҳон саҳнасига жанговар кайфиятда қайтмоқда

Россия жаҳон сиёсат саҳнасига қайтаяпти, бу иқтисодиётининг тикланиши, Сурия инқирозини ҳал этишдаги иштироки ҳамда АҚШдаги сайловолди пойгасига аралашувида кўринмоқда, деб фикр юритишган Die Welt нашрининг Штефан Бойтельсбахер ва Хольгер Цшепиц каби шарҳловчилари.

Мақолада қайд этилишича, эндиликда Россиясиз Сурия муаммосини ҳал этиш хусусида фикр юритиш мумкин эмас. Мамлакат жаҳон иқтисодиётида ҳам ўз ўрнини эгаллаб бораяпти. Гарчи нефть нархи арзонлигига қарамай, Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг хом-ашёга қарамлигини қисқартиришнинг уддасидан чиққан кўринади. Шу билан иқтисодий натижалар тобора юксалмоқда. 

Икки йиллик пасайишдан сўнг, 2017 йилда Россия иқтисодиётининг ўсиши кутилмоқда. Давлат валюта захиралари ҳажми ҳам ошиб бораяпти, деб ёзмоқда муаллифлар. Инқирознинг 2015 йил баҳоридаги энг чўққи палласидан сўнг, давлат жамғармаси яна 40 млрд долларга бойиди. Кредит бозорлари акциядорларининг фикрича, вазият аста-секин барқарорлашади. Уларнинг айтишича, келаси йилда банкротлик эҳтимоли 12 фоизни ташкил этади, бу Россияга қарши санкциялар киритилган 2014 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир. Миллий валюта - рубль курси ҳам долларга нисбатан 14 фоизга мустаҳкамланди. Россия фонд биржаси 13 фоизга кўтарилди. Рейтинг агентликлари Россияга нисбатан прогнозларини ижобий томонга ўзгартиришди. 

Россиянинг қайтаётгани Америка сайловолди кампаниясига аралашаётганида ҳам ўз аксини топмоқда, дейилади мақолада. Россия бир неча ўн йиллар мобайнида илк маротаба Оқ уй раҳбарлиги учун пойгада аҳамиятли ўрин тутмоқда. Демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтон Кремль маъмуриятини танқид қилишдан тингани йўқ, унинг республикачи рақиби Донльд Трамп эса, аксинча, Путинни мақташ билан овора. АҚШнинг баёнот беришича, Москва ўз кучини ҳис қилгани боис, бу курашга ҳам аралашаяпти. Ўз навбатида, Путин АҚШ сайлов жараёнининг адолатли эканини шубҳа остига қўймоқда. 

Аслида ҳам, ижтимоий сўровларга кўра, америкаликларнинг тенг ярми сайловлардаги овоз саналиши адолатли бўлишига ишонмайди. Шундай экан, тобора кескин тус олаётган президентлик пойгаси натижасига ташқи омил сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, деб ёзишган муаллифлар. 

«Трамп ва Клинтоннинг сайловолди кураши янада кескинлашмоқда. Шу боис, ташқи сиёсий омиллар, масалан руслар томонидан фаол равишда ёдга солинаётган электрон мактублар билан боғлиқ ҳолатлар ҳал қилувчи кучга айланиши мумкин», — деган Американинг «Евросиё» таҳлилий маркази асосчиси Иэн Бреммер.

Аммо, Клинтон хоним қанчалик айбламасин, Россиянинг Америка сайлов жараёнига нақадар аралашаётгани номаълумлигича қолаяпти, дея хулоса қилади шарҳловчилар. Бироқ, уларнинг фикрича, Москва хоҳласа, буни қандай амалга оширишни жуда яхши билади. 

Мавзуга оид