Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 13 ноябр куни Баҳрайнда АҚШнинг эрта огоҳлантириш радарини нишонга олганини маълум қилди. Reuters'нинг ёзишича, бу – сентябр бошидан буён араб давлатларидаги Америка ҳарбий объектларига қилинган илк ҳужум даъвоси бўлди.

Муҳофизлар корпуси бу зарба Эрон жанубидаги Ҳормозгон вилояти Сирик округидаги телекоммуникация минорасига қилинган АҚШ ҳужумига жавоб эканини айтган. Корпус ўша ҳужумни ҳаво ҳужуми деб таърифлаган.

"Бу тажовузкор душманга Ҳўрмуз бўғозидаги ҳаво провокациялари ва нефт контрабандасини тўхтатиши кераклиги ҳақида жиддий огоҳлантиришдир. Агар бу қоидабузарликлар ва тажовузкорона ҳаракатлар такрорланса, Корпуснинг Ҳаво-космик кучлари чекловсиз жангга киришишга тўлиқ шай турибди", дея корпус баёнотини келтирмоқда Al Jazeera нашри.

Эрон томонининг бу даъвоси АҚШ билан урушда мўрт сукунат ҳукм сураётган пайтда янгради. Можаро 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари билан бошланган, кейин бутун минтақага ёйилганди.

Эрон Форс кўрфази давлатларидаги АҚШ базаларига ракета ва дронлар билан ҳужум уюштирган. У жаҳон нефт ва газ таъминоти учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини ҳам чеклади. Вашингтон эса бунга жавобан Эрон портларини денгиздан блокадага олган.

АҚШ ва Баҳрайн ҳозирча Эроннинг зарбалари юзасидан изоҳ бермади.