Жамият | 11:02 / 08.10.2016
28841
2 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: “Ислом ота” масжиди очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди

Тошкент шаҳри 2016 йил 7 октябрь, муборак жума куни. Аллоҳнинг инояти билан қуриб битказилган ва мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан қайта қад ростлаган янги масжиднинг очилиш маросими арафаси. Ҳаммаёқ бу улуғ шодиёнага ҳозирланган, йўлларга, ҳовлига сувлар сепилган. Масжид ташриф буюрувчи намозхонларни кутиб олишга шай...

Мазкур муборак масканга кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, халқимиз учун суюкли ва фидоий инсон, таниқли давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираларини қадрлаш мақсадида “Ислом ота” номи берилди. Бу ҳақда muslim.uz ёзмоқда.

Масжиднинг қуриб битказилишини, очилишини интизорлик билан кутган халқимиз масжид сари ташриф эта бошлади. Нуроний отахонларимиз масжид ҳовлисида меҳмонларни кутиб олишга пешвоз чиқдилар.

Мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюрган масжиднинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларини янги очилган масжид билан муборакбод этаркан, қуйидаги сўзларни билдирди:

– Бугун нотинчликлар авж олган бир вақтда юртимизда тинч-осойишта ҳаёт барқарор тургани сабабли биз мана бундай биноларни қуришга муваффақ бўляпмиз. Бу Аллоҳнинг улуғ неъмати, марҳаматидандир. Масжид қурилишида ёрдам қилган, ҳисса қўшган, қурувчилар ва халқимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мусулмонларга ушбу масжидни муборак айласин!”.

Суратлар: Muslim.uz

Мавзуга оид