Сhange.org сайтида Ўзбекистонда чиқиш визасини (ОВИР) бекор қилиш сўралган петиция пайдо бўлди.

Петиция муаллифи ушбу таклифини Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ҳам йўллаган. 

"Маълумки, мазкур виза фуқароларнинг хорижга чиқишини тартибга солиш мақсадида амалга киритилган эди. Маълум давргача, яъни мустақилликнинг дастлабки йилларида, бундай амалиёт ўзини оқлаган бўлиши мумкин. Бироқ, 21 аср – олдимизга янги талабларни қўймоқда. Сизнинг диққатингизни чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид келади. Ва ниҳоят, чиқиш визаси коррупциянинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда", — дейилади петицияда.

Хабарда қайд этилишича, амалдаги 2 йиллик чиқиш визасини олиш учун Ўзбекистон ИИВда навбат кутиш, ортиқча харажатлар қилиш, бунинг устига 2 ҳафта ва ундан ҳам кўпроқ вақт кутишга тўғри келади. 

"Чиқиш визаси расмийлаштирилиши учун талаб этиладиган ҳужжатларда фуқаро бир қатор саволларга жавоб берган ҳолда тегишли анкетани тўлдиради. Унда аслида иккита асосий савол мавжуд: Бу фуқаро аввал судланганми? У давлат сирларига эгами?

Қайд этиш керакки, мазкур икки савол бўйича ҳам тегишли давлат идораларида тўла маълумотлар мавжуд бўлади ва одатда бу тоифага кирувчи шахслар хорижга чиқувчи оддий фуқаролар орасида деярли учрамайди. Қолаверса, хорижга чиқиши тақиқланган ёки чекланганлар тоифасига киритилган фуқаролар тўғрисидаги маълумот чегара идораларига олдиндан берилган бўлиб, бу маълумотни фуқаро чегарани кесиб ўтиш вақтида компьютер орқали автоматик тарзда текшириш мумкин", — деб ёзган петиция муаллифи.

Петиция муаллифининг айтишича, айни вақтда бир неча шундай фуқароларни деб минглаб оддий фуқароларда чиқиш визасини олиш билан боғлиқ турли муаммолар ва қийинчиликлар, ортиқча оворагарчиликлар юзага келмоқда.