Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябр куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясидаги (COP31) нутқида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда ва иқтисодиётни «яшил» технологиялар асосида ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда.

Мамлакат ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш мақсадига муддатидан олдин эришган.

Президент сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги натижаларга ҳам тўхталди. Унинг маълум қилишича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиётида сув сарфи деярли икки бараварга, сув ҳавзаларидан олинаётган сув миқдори эса 20 фоизга камайган.

Айни пайтда суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган.

Шавкат Мирзиёев 2027 йилдан Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишини ҳам маълум қилди. Мамлакат трансчегаравий сув ҳавзаларини бошқариш бўйича масъулиятли вазифаларни бажаришга тайёр экани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ўрмонлар майдони 6 миллион гектарга кўпайтирилгани, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келиши қайд этилди.

Бундан ташқари, мамлакатда 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтириладиган чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси жорий этилган.

Марказий Осиё учун янги иқлим модели

Президент ўз нутқида Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи кучайиб бораётганига эътибор қаратди.

Ушбу муаммоларга қарши биргаликда курашиш мақсадида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди.

Ташаббус учта асосий йўналишни қамраб олади.

Биринчи йўналиш — ахборот алмашинуви. Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари ҳақида маълумот алмашиш инфратузилмасини яратиш, табиий офатлар бўйича эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш ва узоқ муддатли иқлим хавфларини биргаликда кузатиш таклиф этилди.