Жаҳон | 13:00 / 25.10.2016
13255
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти ким билан ҳарбий иттифоққа эга бўлишини маълум қилди

Фото: Reuters

Филиппин фақат АҚШ билан ҳарбий иттифоққа эга бўлади ва бошқа давлатлар билан шу йўналишда муносабатлар ўрнатиш ниятида эмас. Бу ҳақда, республика президенти Родриго Дутерте Японияга ташрифи арафасида япониялик журналистлар билан мулоқотида сўз юритган. 

"Иттифоқ тирик, у мавжуд", - дея Дутертенинг АҚШ билан муносабатларига доир сўзларини келтиради Kyodo агентлиги. "Иттифоқни бузишга оид ҳеч қандай хавотирлар бўлиши мумкин эмас. Мен бошқа мамлакатлар билан (ҳарбий) иттифоқларга муҳтож эмасман", - дея қўшимча қилган Филиппин раҳбари. 

Шу билан бирга, у Хитой билан "савдо ва тижорат иттифоқи"га асос солишни хоҳлашини айтган. 

Октябрь ойининг аввалида Хитойга ташриф буюрган Филиппин раҳбари мамлакатининг АҚШ билан "хайрлашадиган вақт келган"ини айтганди. У Маниланинг Вашингтон кўрсатмаси бўйича юритаётган ташқи сиёсатини ўзгартириш ниятини ҳам изҳор қилганди. 

Бундан ташқари, Филиппин АҚШ билан Жанубий Хитой денгизида қўшма патруллик қилиш ва машғулотлар ўтказиш режаларини музлатгани хабар қилинди. Шунингдек, Дутерте Вашингтон билан Манила ҳукуматлари ўртасида 1951 йилда имзоланган мудофаа ҳамкорлиги тўғрисидаги келишувдан чиқиш билан таҳдид қилганди. Мазкур келишув, АҚШ ҚКга ўз ҳарбийларини Филиппиндаги айрим базаларга жойлаштириш имконини беради. 

Мавзуга оид