Ўзбекистон | 12:12 / 01.11.2016
26101
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев “Тошиссиққувват”нинг Миробод тумани бўлими раҳбарини ишдан бўшатди

Фото: nuz.uz

“Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари Мухаммедов Ф.Х. фуқаро мурожаатини кўриб чиқишда камчиликка йўл қўйилгани туфайли лавозимидан олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Facebook’даги саҳифасида хабар қилинди.

"Тошкент шаҳар Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Е.Каравайкинадан иссиқлик қуввати билан таъминлаш масаласида келиб тушган мурожаатни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокими (Кадиров)га ҳайфсан эълон қилинди ва “Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари (Мухаммедов) эгаллаб турган лавозимидан озод этилди", дейилган хабарда.

Саҳифада келтирилишича, Тошкент шаҳар ҳокими Усмоновга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига аҳоли ва тадбиркорлардан энг кўп ариза ва шикоятлар тушганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатларини асоссиз бузилишига йўл қўйганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда мурожаатларни вақтида ва қонуний ҳал этилиши бўйича аниқ чоралар кўриш топширилган.

Бундан олдинроқ Шавкат Мирзиёев Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма бергани хабар қилинганди.

Шунингдек, Поп ҳокими Бош вазир виртуал қабулхонасига келган мурожаатларни ҳал этишда сохталикка йўл қўйгани учун ҳайфсан олган.

Мавзуга оид