Шавкат Мирзиёев Навоий ва Бухоро вилоятлари сайловчилари билан учрашди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни “Навоий иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамияти бош директори Қ.Ғаниев очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.
Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Навоий шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Вилоятнинг бир қатор файхрийлари, турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган фаоллари ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётгани қайд этилди. Сайловчилар 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирилдилар.
Шавкат Мирзиёев шу куни шунингдек Бухоро вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.
Учрашувни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Ф.Аминов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Дастурда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, саноатга замонавий технологияларни жорий қилиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва даражасини изчил юксалтириш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Дастурда мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида катта аҳамиятга эга бўлган туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича дастур қабул қилиш назарда тутилган. Соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, туристлар учун виза бериш ва рўйхатга олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, янги сайёҳлик маршрутларини яратиш, туризм инфратузилмасининг изчил ривожланишини таъминлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш бўйича махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.
Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг барча шаҳар ва туман марказларидаги сайловчилар билан очиқ мулоқот бўлди.
Мавзуга оид
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
11:34 / 06.11.2024