Туркиянинг Limak İnshaat Sanayi ve Ticaret ва Қатарнинг Hamad Bin Khalid Contracting Company компаниялари консорциуми “Янги Бухоро” халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича халқаро тендер ғолиби деб топилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Унга кўра, хусусий шерик соатига 1 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга терминал, автотураргоҳ ва тегишли инфратузилмани қуриб, бошқаради. Давлат эса аэродром мажмуаси — учиш-қўниш йўлаги ва перрон қурилиши учун масъул бўлади.
Лойиҳанинг умумий муддати 23 йилни ташкил этади. Шундан 3 йилгача бўлган давр қурилиш ишларига ажратилади.
Маълумот учун, Limak халқаро аэропортларни қуриш ва бошқаришда, жумладан Косово ва Сенегалдаги лойиҳаларда иштирок этган. HBK Contracting эса Қатардаги “Лусаил” стадиони қурилишининг бош пудратчиси бўлган.













