Жаҳон | 09:34 / 07.12.2016
7236
2 дақиқада ўқилади

Анқара Москва билан ҳарбий ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим. Фото: ТВЦ

Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг «Интерфакс» агентлигига берган интервьюсида маълум қилишича, Анқара Москва билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришган. 

Ҳукумат раиси, шунингдек, Туркия ва Россия ўртасига совуқчилик тушиши сабабли икки мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик секинлашганини қайд этган. 

«Биз аниқ лойиҳалар ҳақида сўз юритмадик, аммо бу масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Томонлар ўзаро алоқаларимизни ривожлантириш муҳим эканлигини тан олади. Биз ўша қайғули воқеадан сўнг, бой берган имкониятларни қайтариш учун ўзаро ҳамкорликни тикладик», — деган Йилдирим. 

Унинг таъкидлашича, мамлакатлар ушбу йўналишдан бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. 

«Бизда катта энергия лойиҳалари бор. Уларни тезлаштириш лозим. буларни сафига фазовий ва мудофаа соҳасидаги масалалар ҳам қўшилди. Табиийки, бу соҳаларда янги лойиҳалар бўлади» , — деб хулоса қилади бош вазир. 

Аввалроқ, Бинали Йилдирим Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан ўтказган музокараларидан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳозирги 36 млрд доллардан йилига 100 млрд долларга чиқиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди. 
Икки давлат ҳукумат раҳбарлари 6 декабрда мулоқот ўтказган эди. 
 

Мавзуга оид