Спорт | 17:02 / 19.12.2016
9335
7 дақиқада ўқилади

Венгерга Гвардиолача жавоб. «Сити» ниманинг эвазига ғалаба қозонди?

«Мен Англиядаги бир қатор ўйин услубларининг майда жиҳатларига тўлиқ мослашиб олишим керак. Бунинг учун вақт талаб қилади. Аммо ўйин услубим, принципларимни ўзгартириш? Мен ҳеч қачон бу йўлдан бормайман. Ҳеч қачон!»

«Арсенал»га қарши учрашув олдидан Sky Sports эсперти сифатида ишлаётган Тьерри Анрига берган интервьюсида Гвардиола худди шу сўзларни айтиб ўтганди.

«Арсенал»га қарши учрашувда ҳам Гвардиола ўз услубига содиқ қолган ҳолда футбол кўрсатди. Фақат жамоадаги ўзгариш бошланғич тактик схеманинг 4-2-3-1 кўринишини олган бўлди. Гвардиоланинг «Бавария»даги фаолияти ҳақида иккита китоб ёзган Марти Перарнау бу схемани Пеп одатда жуда муҳим, ҳал қилувчи ҳолатлардагина қўллашини эслатиб кетган. Бу кўпроқ рақибнинг позицион ҳужумларини кучсизлантириш ва тўпни назорат қилишда таянч зонасидаги ўйинчиларнинг сон устунлигидан фойдаланиш мақсадида қўлланилган. Марказ тўлиқ унинг жамоаси ихтиёрида бўлиши керак.

Биринчи бўлимнинг дастлабки қисмини ҳисобга олсак, бу тактик ўйлов деярли иш бергани йўқ. Венгер шогирдлари тезкор гол киритиб олгач, бутун биринчи бўлимни ажойиб тарзда ўтказишди. Тўп рақибга топшириб қўйилган бўлсада, жамоа жуда яхши ҳимояланди. Иккинчи қаватда «Сити»га ҳеч қандай имконият қолдирилмади. Биргина Лоран Косьелнининг ўзи битта таймда уч марта ҳаво курашида ютиб чиқди, 8 тўпни қайтариб юборди, 2 марта тўпни рақибдан олиб қўйди ва 2 марта рақиб зарбаларига тўғаноқ бўлиб қолди. Гвардиола жамоасининг доимий прессингга асосланган тўпни тотал устунлик билан назорат қилиб турувчи ўйини олдида Венгернинг биринчи бўлимнинг учун ўйлаб қўйган режалари жуда ҳам фойдалидек кўринди.

Аммо иккинчи бўлимда эса бутунлай бошқача Гвардиола «Сити»си майдонга тушиб келди. Гвардиола ўйиндан кейин берган интервьюсида танаффус вақтида шогирдларига тайинли ҳеч нарса айтмаганини таъкидлаган бўлсада, «Сити» бутунлай бошқача кайфиятда майдонга қайтди. Бельерин ва Габриэль ўртасида кўп вазиятларда юзага келаётган тушунмовчилик мезбонлар эътиборини тортди ва энди ўша қанотда кўпроқ Лерой Сане пайдо бўла бошлади. Раҳим Стерлинг эса кўпроқ марказдан эмас ўнг қанотда чопишга ўтди. Қанотларнинг кучайтирилиши натижасида ҳужумларда тезлик ва вариантлар кўпайди. Натижада биринчи гол юзага келди. Давид Сильва биргина ҳаракат билан Лерой Санени Петр Чех қаршисида бирга-бир вазиятга олиб чиқди ва ўртадаги мувозанат тикланди. Тўғри, бу вазиятда жуда кўпчилик офсайд бўлгани ҳақида гапирмоқда. Арсен Венгер ҳам ўйиндан кейин ҳакамларнинг қарорларидан нолиди. Унинг фикрига кўра, иккинчи киритилган голда беш метрлик ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилиши керак эди. Бу ҳақида кейинроқ алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Умуман олганда, иккинчи бўлимда Венгер жамоаси кўрсатган ўйинни футбол деб ҳам бўлмайди. Балки, кучсизроқ жамоа учун бу ўйин услуби бўлиши мумкин, аммо чемпионлик учун кураш олиб бораётган жамоа бу каби йўл билан натижа эриша олмаслиги тайин. Жамоа етакчиси Месут Ўзил умуман майдонда кўзга ташланмади. Алексис Санчес битта ўзи жангда қолган аскардек таассурот уйғотди. Бир сўз билан айтганда, «Арсенал» мавсумдаги энг ёмон бўлимларидан бирини ўтказди.

«Сити» эса аксинча чемпионлик учун кураш олиб бораётган ҳақиқий жамоага ўхшади. Умуман Гвардиоланинг кучли рақибларга қарши ўйинларига эътибор берсак, жамоа аутсайдерларга қарши ўйнагандан кўра, яхшироқ футбол кўрсатганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. «Барселона»га қарши «Этиҳад»даги иккинчи бўлим. «Челси» билан ўйиннинг дастлабки бир соати ва «Арсенал»га қарши иккинчи бўлимда кўрсатилган футбол ҳозирча Гвардиоланинг ҳақиқий имзосини кўрсатди.

«Арсенал»га қарши ўйин шуниси билан бошқаларидан устун эдики, жамоа Фернандиньо («менга учта Фернандиньо беринг – ва мен АПЛ чемпиони бўламан» ©) ва Серхио Агуэросиз (асосий тўпурар) мавсумнинг осон бўлмаган қисмида ғалаба қозонди. Жуда муҳим бўлган натижага эриша олди.

Энди Венгер нолиган вазиятлар яна гол киритилган вазиятларга эътиборни қаратамиз.

Давид Сильва тўпни ошираётган вазиятда бир қарашда Лерой Сане ҳимоячидан кўра дарвозага яқинроқ жойлашгандек кўринади. Бироқ суратга яхшилаб назар солсангиз, Лоран Косьелни сўнгги сонияларда оёғини орқага бироз кенгроқ ёйиб юборганини кўришимиз мумкин. Айнан шу нуқтадан олиб қараганда ҳакам голни ҳисобга олишга тўла ҳаққи бор эди.

Иккинчи голдаги вазият анчагина баҳсли. Агар бу вазият учун ҳакам офсайд белгилаши керак бўлса ҳам, белгиламаган тақдирда ҳам вазият икки томонлама муҳокама қилинишда давом этади. Биринчидан, Раҳим Стерлинг Кевин Де Брюйненинг заргарона тўп узатишидан кейин бор эътиборини зарба беришга қаратди ва бу ерда Давид Сильвага тўпни ошириш учун бир сония бўлсада ўйлаб кўргани йўқ. Иккинчидан, Раҳим дарвозага зарба бераётганида (расмга эътибор беринг) Давид Сильва Петр Чех айтганидек уни умуман тўсадиган позицияда эмасди. Яъни офсайдда қолиб кетган Сильва бу вазиятнинг актив иштирокчиси эмасди. Пассив ҳолатда дейишимиз тўғрироқ бўлади.

Умуман олганда, агар вазиятлар гол сифатида ҳисобга олинмаган тақдирда ҳам иккинчи бўлимдаги ўйин шуни кўрсатиб тургандики, «Сити» барибир гол уриши керак эди. Фақат савол вақт масаласида бўлиб қолганди. Лондонликлар иккинчи бўлимни бутунлай рақибга топширишди ва ўйинни бой беришди. Гвардиола эса уни тинмасдан танқид қилаётган инглиз журналистларига муносиб жавоб қайтара олди.

Манба: Tribuna.uz

Мавзуга оид