Чоршанба оқшомида ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичида 4-тур доирасида навбатдаги 9 учрашувлар бўлиб ўтди.

АЕК – «Реал» 2:3
Голлар: Койта, 12 (1:0). Беллингҳэм, 32 (1:1). Пилиос, 75 (2:1). Мбаппе, 78 (2:2). Валверде, 90+2 (2:3)
АЕК: Бриниоли, Мукуди, Релваш, Пилиос, Рота, Кайринен (Марин, 60), Арриага, Майер (Зини, 53), Койта, Гачинович (Варга, 60), Йович (Зубков, 88)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау, Рюдигер, Кукуреля (Каррерас, 82), Думфрис, Камавинга, Силва (Валверде, 67), Беллингҳэм (Эспи, 86), Винисиус (Диас, 82), Диоманде (Эндрик, 67), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Арриага, 34 – Кукуреля, 65

«Реал» ЕЧЛнинг бу мавсумида иккинчи бор камбэк амалга оширди. Жозе Моуринио шогирдлари 2-турда «Рома»га қарши сафар ўйинида 1:3 ҳисобини ғалабага айлантира олганди, бу сафар Грецияда АЕК билан ўйинда 1:2 ҳисобидан чиқиб кетилди.

Ўйиннинг 12-дақиқасидаёқ мадридликларнинг собиқ ҳужумчиси Лука Йович Абубакари Койтани қулай вазиятга чиқарди, греклар вингери Тибо Куртуанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди.

«Реал» эса 32-дақиқада Жуд Беллингҳэмнинг маҳорати эвазига ҳисобни тенглаштирди. Марк Кукурелянинг узатмасидан кейин инглиз яримҳимоячиси турнинг энг чиройли голи муаллифига айланди: у тўпга товонида зарба бериб, дарвоза тўринини ишғол этди.

Ўйиннинг асосий воқеалари сўнгги 15 дақиқаликда бўлиб ўтди. Аввалига 75-дақиқада мезбонлар ҳимоячиси Ставрос Пилиос ҳужумга қўшилди ва Койтанинг узатмасидан кейин тўпни Куртуанинг оёқлари орасидан ўтказди – 2:1.

АЕК иккинчи бўлимда меҳмонлар дарвозаси томон тўғри йўллаган ягона зарбаси билан ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Аммо Мбаппе ва Валверде «Реал»ни шармандаликдан қутқариб қолди. 78-дақиқада француз ҳужумчиси Дензел Думфриснинг олис устун томон узатмасига етиб борди ва мувозанатни тиклади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Федерико Валверде ўз услубида олис масофадан йўллаган зарбаси билан ғалаба голини урди – 3:2.

«Реал» ЕЧЛнинг бу мавсумида гуруҳ босқичини идеал ўтказмоқда: тўрт ўйинда тўрт ғалаба. Бунгача «Лейпциг» (4:1), «Рома» (4:3) ва «Интер» (2:1) мағлуб этилганди. Мбаппе эса ҳар ўйинда гол уриб келмоқда.