Жаҳон | 12:14 / 20.12.2016
12729
2 дақиқада ўқилади

Миср генерали: Россия элчисининг ўлдирилиши Эрдўған сиёсатига қарши қаратилган

Фото: © AP

Душанба 19 декабрь куни Россиянинг Туркиядаги элчисига Анқарада суиқасд қилиниши, биринчи навбатда, Туркия президенти Эрдўған сиёсатига қарши қаратилган эди. У Россия билан қалин алоқаларни қайта йўлга қўйган эди, деб фикр юритмоқда Миср давлат хавфсизлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари, бригада генерали Фуад Аллам. 

"Бу, ҳаммасидан ҳам аввал, Эрдўған ҳокимиятига қарши қаратилган. Дастлаб, унинг Россия билан алоқалари кескинлашган, бироқ, кейинчалик, у бу муносабатларни яхшилади", — деган генерал РИА Новости агентлигига.

Генералнинг сўзларига кўра, Россия вакилига ҳужум Туркия ҳукуматининг армия, махсус хизматлар ва полиция сафида ўтказган тозалаш амалиёти билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Натижада, ушбу тузилмаларнинг собиқ ходимлари амалдаги ҳукуматга душманона кайфиятини сақлаб қолган. 

"Туркия – ухлаб ётган вулқон, у исталган вақтда отилиши мумкин. Айниқса, Эрдўған давлат тўнтаришига уринишдан сўнг Туркия армиясида амалга оширган тозалашлардан кейин, бу янада кучайди. ... Эрдўған ҳаракатлари барибир ўзининг салбий оқибатларига эга бўлади, бу мамлакатдаги вазият ўта беқарор", — деган Фуад Аллам. 

Айни чоғда, бошқа бир мисрлик эксперт, Миср Олий ҳарбий академияси маслаҳатчиси, генерал Маҳмуд Халафнинг фикрича, россиялик элчининг ўлдирилиши, Туркия хавфсизлик тизимида нуқсонлар борлигини кўрсатади. 

"Бу Анқарада юз берди… Элчига шунчалик осонлик билан яқинлашиш хавфсизликни таъминлаш борасида ҳаммаси кўнгилдагидек эмаслигини англатади. Ахир, хорижий дипломатик ваколатхоналарни ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифаларидан биридир", — деган эксперт.

19 декабрда Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловга фотокўргазма очилиши чоғида ўқ узилган эди. Махсус амалиётда ўлдирилган қотил Мавлут Мард Олтинтош Туркия полициясида 2,5 йил ишлаган. 

Мавзуга оид