Жаҳон | 09:36 / 06.01.2017
8929
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ махсус хизматлари Россия ва WikiLeaks ўртасидаги воситачини топганини таъкидламоқда

фото: AFP

АҚШ махсус хизматлари Россия ва WikiLeaks ўртасидаги воситачини топганини таъкидламоқда. Айнан у АҚШ Демократик партиясининг ҳужжатларини эълон қилиш учун тақдим этган, дея хабар қилмоқда CNN телеканали, ҳисобот мазмунидан хабардор манбаларига асосланган ҳолда. 

Бу ҳақда АҚШ разведкасининг махфий ҳисоботида сўз юритилганини таъкидлаган телеканал, ўз фикрини исботловчи бирор маълумот ёки номни тилга олмаган. Аввалроқ, Америка махсус хизматлари Демократик партия Миллий қўмитаси ёзишмаларини қўлга киритиш ва WikiLeaks сайтида эълон қилинишида Россияни айблаган эди. Россия ҳукумати, ўз навбатида, бу айбловларни рад этмоқда. WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж ҳам сайт Россияга умуман алоқаси йўқлигини, Россия ҳукуматидан ҳеч қандай маълумот олмаганини таъкидлаган эди. 

Америка махсус хизматларининг 50 саҳифали махфий ҳисоботи президент Барак Обама кўрсатмасига биноан тайёрланган. Унинг қисқароқ ва махфий бўлмаган намунаси келаси ҳафта бошида эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда АҚШ разведкаси раҳбари Жеймс Клэппер Конгресс сенатидаги эшитувларда маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда WikiLeaks ходими Крейг Мюррей (Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси) Демократик партия маълумотларини партиянинг ўзидаги манба тақдим этгани, уларни олиш учун шахсан Вашингтонга боргани ва шаҳардаги университетлардан бирининг яқинидаги ўрмонзорда флешкани воситачи қўлидан олганини айтган эди. 

 

Мавзуга оид