Спорт | 12:36 / 12.01.2017
38376
6 дақиқада ўқилади

Энди бизда ҳам умид бор! Инфантино инқилоби қанчалик тўғри?

ФИФАнинг жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 32тадан 48тага оширганига танқидий ёндашган «Трибуна» сайти бу сафар масалага бошқа бир ракурсдан қаради.

Янги йилни ФИФАнинг янги президенти Жанни Инфантино ўзи режа қилган инқилоб билан бошлади. Кейинги ўн йилликнинг иккинчи мундиалидан бошлаб жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 48тани ташкил қилади. Бу қарор юзасидан турлича фикрлар янграмоқда. Кеча эълон қилинган мақоламда, бу қарорнинг салбий томонлари ҳақида тўхталиб ўтгандим. Мақолани ёзиш давомида фикрларимга тескари фикрлар пайдо бўлиб қолди. Бошида жамоаларнинг сони 48тага оширилишининг салбий томонлари кўпдек туюлганди. Энди ижобийлари ҳам етарличадек кўринмоқда. Бугун шу ҳақда гаплашамиз.

«Инфантино карамшўрваси».  ЖЧ иштирокчилари сони оширилиши қанчалик тўғри?

Энди бизда ҳам умид бор!
Энг асосийси, бу Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам имкониятлари ошиши. Истайсизми, йўқми, бугунги кундаги футболдан келиб чиқиб, мухлис-у мутахассисларнинг аксар қисми Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирги форматдаги ЖЧга чиқишига ишонмай қўйган. Осиё учун бериладиган 4,5та ўриннинг, кучимизга реал баҳо берадиган бўлсак, ошиб борса 0,5тага даъвогарлик қилишимиз мумкиндек кўринмоқда. Инфантинонинг янги таклифида энг кўп йўлланмалар тақдим этиладиган минтақалардан бири Осиё бўлиб турибди. Айтишларича, ОФК учун 8,5та йўлланма берилади. 9 йилда Осиёдаги 9та кучли жамоадан бири статусини ҳам йўқотиб қўймасак, ҳеч бўлмаса «битта-битта морожний еб қайтиш» имкониятимиз энди кўпроқ бўлади.

Турнир географияси
48 жамоа бу биринчи навбатда турнир географиясини кенгайтиради. Жаҳон чемпионатига жуда яқин келиб, охир-оқибат йўлланмадан қуруқ қолиб кетаётган терма жамоалар учун бу жуда яхши имконият бўлади. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш футбол ривожи учун янги босқич бўлишини Ўзбекистон футболи мисолида ҳам кўп гапирганмиз. Жаҳон чемпионатига чиқсак, футболчиларимизнинг рекламаси ошади, кучли бешликда пайдо бўламиз ва ҳоказо гапларга кўп дуч келамиз. Бу Ўзбекистонга ўхшаш исталган терма жамоа учун ҳам мос келади. 48та терма жамоа чемпионатга бўлган қизиқишнинг (мамлакатлар ҳисобга олинса), кенгайишига сабаб бўлади. Иштирок этадиган футболчилар сони ошади, клублар трансфери учун кўпроқ футболчи реклама қилинади. Телеаудитория ошишига ва албатта ФИФА ва мусобақа мезбон мамлакатининг кўрадиган фойдаси кескин ошишига замин яратади.

Яна бир гап. Инфантино ҳақ. 48 терма жамоа бутун дунё миқёсида ҳисобга олинганда атиги 20 фоизни ташкил қилади. Қитъа чемпионатлари иштирокчилари сонини, минтақанинг умумий мамлакатлари ҳисобидан келиб чиқиб ҳисобланг. Европада деярли 50 фоиз иштирокчи қатнашади, Осиёда бунданда кўпроқ, КОНМЕБОЛнику айтмаса ҳам бўлади.

Жамоалар савияси? Исландия ваъда беради!

Жамоалар сонининг бу қадар кескин оширилишига нисбатан норозилик биринчи навбатда ўйинлар сифатига таъсир қилиши билан изоҳланмоқда. Лекин ўтган йилги Европа чемпионати кўрсатдики, кўҳна қитъада кучли жамоалар 16тадан анча кўп экан. Исландия, Венгрия ёки Шимолий Ирландия кўрсатган футбол сизга савиясиз кўриндими? Ёки зериктириб қўйдими? Биргина ўша Исландиянинг ўзи қанчалик шов-шув бўлди? Қандай реклама бўлди. Уларнинг атрофидаги афишалар. Хуллас, бу тажриба қайсидир маънода ўзини оқлади. 

Тўғри жаҳон чемпионати иштирокчилари сонининг оширилишидан кўпроқ Африка ва Осиё минтақалари ютиши айтилмоқда. Европага бериладиган йўлланмалар сони тахмин қилинаётганидек 16та эмас, кўпроқ бўлиши янада қизиқарлироқ ўйинларни кўпайтириши мумкин. Бунга мен ҳам қўшиламан. Аммо бошқа тарафдан Африкада сўнгги йилларда мундиалларда кўриниш бермаётган тўртта кучли терма жамоани топиш мумкинлигига сиз ҳам ишонасиз тўғрими? 2002 йилда сенсация кўрсатган Сенегал, ЖЧ бўйича энг омадсиз кўринадиган Миср каби терма жамоаларни кўриш қизиқмасми, сизга? Ёки ўтган йилги мундиални яхши савияда ўтказган Янги Зеландияга ўхшаган янги жамоалар пайдо бўлишига ишонмайсизми?

Футбол ривожланишда давом этмоқда ва бундан кейин ҳам ривожланишда давом этади. Бир неча йил олдин профессионал футболчилари саноқли бўлган ва бугун кўпчиликнинг меҳрини қозонган Исландияга ўхшаган жамоалар чиқиб келаверади. Мураббийларимиз ёдлаб олган гап борку «Футбол ўйнашни ҳамма ўрганиб олган», ахир.

Анъана
Юқоридаги фикрни давом эттирамиз. Футбол ривожланган, ривожланмоқда, бундан кейин ҳам ривожланади. Жаҳон чемпионатлари тарихига назар ташласак, вақти келиб иштирокчилар сони ошиб борганини кўрамиз. 1930 йилги дастлабки мундиалда 13та жамоа иштирок этган. 1998 йилги Франциядаги мундиалдан бошлаб эса жамоалар сони 32тага етказилди. Албатта кимдир «24дан кейин 32» қоидаси бўйича жамоалар сонини 40тага етказиш тўғрироқ бўларди, дейиши мумкин. Бироқ бу ҳолатда турнир форматини тузиб чиқиш жуда мураккаблашиб кетарди. Тасаввур қилинг бир гуруҳда бештадан жамоа иштирок этадиган мундиал гуруҳ босқичини. Албатта 2026 йилдан бошлаб амалда бўладиган турнир форматини ҳам идеал деб бўлмайди, лекин 40та жамоа учун тузилиши мумкин бўлган форматдан кўра бу яхшироқ кўринмоқда.

Йиллар ўтган сари ўзгаришлар кўпаймоқда. Футбол қоидаларига ҳам қанча ўзгаришлар киритилди. XXI аср технологиялари ҳам аста-секин кириб келмоқда. Бу пайтда эса Инфантино айтганидек XXI асрнинг ҳам ўз мундиали бўлиши керак. Янги аср футболи билан! Янгича мундиал билан.

Муаллифtwitter.com/murodov_

Мавзуга оид