Жаҳон | 08:17 / 15.01.2017
16992
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Трамп Путин билан қаерда ва қачон учрашиши мумкинлигидан хабар топди

Фото: Reuters

АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан Исландлия пойтахти Рейкьявикда учрашмоқчи ва Россия билан ядровий қуролларни чеклаш бўйича келишувларни тайёрлаш бўйича ишни бошламоқчи. Бу ҳақда Sunday Times нашри хабар берди, деб маълум қилди РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

Аввалроқ Трамп Wall Street Journal нашрига интервьюсида инаугурациясидан кейин Путин билан учрашмоқчилигини айтганди. Путин катта матбуот-анжуман берганда икки давлат олдида турган барча масалаларни агар Трампдан таклиф тушса, АҚШга бориб муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. 

Нашрда таъкидланишича, Трамп ва унинг жамоаси британиялик амалдорларга Путин билан Рейкьявикдаги учрашув Трампнинг биринчи хорижий сафари бўлишини маълум қилишган. Бу режаларни Россиянинг Лондондаги элчихонасида муҳокама қилган нашр манбаларининг айтишича, Москва саммитнинг ўтказилишига розилик бермоқчи. Бироқ РИА “Новости” ахборот агентлиги Россия элчихонасининг бу масала бўйича расмий тасдиғига эга эмас.  

Исландия ташқи ишлар вазирлиги Путин ва Трампнинг учрашувини ташкиллаштиришга тайёрлигини, бироқ ҳозирча тегишли сўровни олмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Iceland Monitor нашри хабар берган. 

"Исландия ҳукумати бу ҳақда сўров олмаган. Агар Вашингтондаги амалдорлар Исландия ҳукуматига Рейкьявикда саммит ташкиллаштириш илтимоси билан мурожаат қилсалар, биз буни ижобий қабул қиламиз ҳамда АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз", деб айтган Исландия ташқи ишлар вазири Гудлаугур Тор Тордарсон.

Мавзуга оид