Украина президенти Володимир Зеленский 12 ноябр, пайшанба куни кечқурун АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф билан учрашди.

AFP агентлиги ва Украинанинг «Суспильне» онлайн нашри хабар беришича, музокаралар Ирландия пойтахти Дублин яқинидаги Балдоннел шаҳрида жойлашган Кейсмент ҳарбий авиабазасида бўлиб ўтди.

AFP маълумотига кўра, америкалик музокарачилар Украина раҳбарига Россия президенти Владимир Путин билан Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этишга бағишланган учрашув натижалари ҳақида маълумот беришни режалаштирган.

Зеленский: Уруш давридаги энг йирик асирлар алмашинуви амалга оширилади

Музокаралардан сўнг Зеленский, Уиткофф ва Кушнер журналистлар олдида чиқиш қилди.

Украина президенти америкалик вакилларнинг Москвага ташрифи асосий натижалари ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, муҳим натижалардан бири Россия билан асирлар алмашинуви бўйича келишувга эришилганидир. Мазкур алмашинув уруш бошланганидан буён энг йириги бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Зеленскийнинг айтишича, Америка томони «европаликлар масаласида ҳам силжишга эришган».

Унинг таъкидлашича, кейинги учрашувда Европа вакиллари музокаралар гуруҳи таркибига киритилади ва улар ҳам ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга бўлади.

Трамп вакилларининг Путин билан учрашуви 12 ноябр куни Москвада бўлиб ўтган.

Бундан аввал, 10–11 ноябр кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида АҚШ воситачилигида Украина ва Россия делегациялари ўртасида икки кунлик музокаралар ўтказилган эди.

«Суспильне» маълумотига кўра, Москвадаги учрашувда Константиновкада гуманитар операция ўтказиш, асирлар алмашинуви ва Украинада Европа ҳарбий контингентининг жойлаштирилиши каби масалалар муҳокама қилинган.

Зеленский Ирландияда Европа давлатлари вакиллари билан ҳам учрашди

«Суспильне» нашри ёзишича, Зеленскийнинг Уиткофф ва Кушнер билан музокараларида Европа вакиллари иштирок этмаган.