Спорт | 15:58 / 11.02.2017
6630
9 дақиқада ўқилади

Клопп-Почеттино тўқнашуви ва АПЛ 25-турининг бошқа учрашувлари анонси

11 февраль куни Англия премьер-лигасининг 25-тур ўйинларига старт берилади. Tribuna.Uz Европанинг  энг томошабоп чемпионати ўйинлари анонси билан таништириб ўтади

АРСЕНАЛ — ҲАЛЛ (11 февраль, 17:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

Кетма-кет иккита мағлубиятдан кейин «Арсенал» Арсен Венгерсиз навбатдаги учрашувни Англиядаги фаолиятини ажойиб тарзда бошлаган «Ҳалл»га қарши ўтказади. Иккала жамоанинг барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда сўнгги 13 учрашувида «йўлбарслар» бирорта ҳам ғалаба қозона олишмаган, 11 учрашувда мағлубият учраган.

«Арсенал» ҳимоячиси Эктор Беллерин мия чайқалишидан кейин жума кундан бошлаб яна машғулотларга қайтди. Унинг майдонга тушиш-тушмаслигини шифокорлар ҳал қилишади. Рэмзи, Касорла ҳамон жароҳатдан тузалиб сафга қайтмаган. Муҳаммад Эн-Нени Африка кубогидан сўнг ортга қайтди. «Ҳалл» жароҳати сабаб, Майкл Доусон ва Абел Эрнандес хизматидан фойдалана олмайди. Аҳмад Ал-Муҳаммади ҳам Африка кубогидаги иштирокини якунлаб жамоа ихтиёрига қайтиб келган.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД — УОТФОРД (20:00, Матч! Футбол 1)

«Манчестер Юнайтед» премьер-лига доирасидаги 15 учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Аммо жамоа ноябрдан буён 6-ўриндан юқорига кўтарила олгани йўқ. Жамоа бу турда ниҳоят юқорига кўтарилиш имкониятига эга бўлади. Жорий  мавсумнинг биринчи даврасидаги учрашувда «Юнайтед» «Уотфорд»га 3:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган.

«МЮ» сардори Уэйн Руни кичик оғриқлардан қутулган. Маркос Рохо ҳам ўйинга тушишга тайёр, аммо Фил Жонсни тиззасидан олган жароҳати безовта қилмоқда. «Уотфорд»да эса Нордин Амрабат лазаретда қолмоқда, аммо Кристиан Кабаселе майдонга тушишга тайёр.

МИДЛСБРО — ЭВЕРТОН (20:00)

«Тоттенҳэм» учралган мағлубиятдан кейин, Айтор Каранка жамоаси, голлар шоуси уюштирган «Эвертон»га қарши майдонга чиқади. Сўнгги вақтларда «Эвертон» «Риверсайд»да жуда яхши ўйин кўрсатиб келмоқда. Жамоа бу стадионда навбатдаги ғалабасини қўлга киритишга уриниб кўради. Иккала жамоанинг, барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда, сўнгги 8 учрашувда «Мидслбро» бирор марта ғалаба қозона олмаган.

«Мидлсбро» шифкорлари ўйиндан олдин Жорж Френд ва Гастон Рамиреснинг майдонга тушиш тушмаслигини ҳал қилиши керак бўлади. Африка кубогидан қайтган Идрисса Гуйе эса «Эвертон»га яна ёрдам бериши мумкин бўлади.

СТОК СИТИ — КРИСТАЛ ПЭЛАС (20:00)

«Селхёрст Парк»даги биринчи давра учрашувида «Сток» мавсумдаги энг ёмон учрашувини ўтказиб 1:4 ҳисобида ютқазганди. Ўтган турда «Кристал Пэлас» лигада қолиш учун кураш олиб бораётган «Сандерленд»га ўз уйида 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Сэм Эллардайс жамоаси тез орада ўзига келиб олмаса, кейинги мавсумни қуйи лигада бошлашига тўғри келади. «Пэлас» барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда сўнгги бешта учрашувнинг барчаси «Сток»дан устун келган.

«Сток» ҳамон Глен Жонсон ва Чердан Шақирисиз ўйнашга мажбур. Рамазон Субҳи эса Африка Кубогидан қайтиб келди. «Пэлас» ниҳоят Мамаду Сако ва Луки Миливоевич каби янги футболчилар хизматидан фойдаланиши мумкин бўлади. Скотт Данн ҳамон жароҳатини тиклаш билан банд, аммо Жефф Шлупп сафга қайтишга тайёр бўлиб турибди.

САНДЕРЛЕНД — САУТҲЕМПТОН 20:00

Ўтган турдаги ажойиб ғалаба ҳам «Сандерленд»га сўнгги ўринларни тарк этишига ёрдам бергани йўқ. Аммо бу ғалаба жамоанинг ўзига бўлган ишончини ортишига сабаб бўлиши керак. «Саутҳемптон» эса жуда ёмон аҳволда қолган. Жамоа премьер-лиганинг сўнгги етти учрашувидан олтитаси мағлубиятга учради. Иккала жамоанинг сўнгги 8 учрашувида «Сандерленд» фақат бир марта ғалаба қозона олган холос.

«Сандерленд» таркибида дисквалификация муддатини ўтаётган Пап Жилободжи ва жароҳат олган Жек Родуэлл хизматидан фойдалана олмайди. Жон О'Ши ва Аднан Янузай эса сафга қайтган. «Саутҳемптон» таркибига рекорд даражада трансфер бўлган Софиан Буфаль жароҳати сабаб ўйинда майдонга туша олмайди. Жамоадаги энг катта йўқотиш сўзсиз Виргил Ван Дейкнинг узоқ муддатга сафдан чиққани бўлиб қолмоқда.

ВЕСТ ҲЭМ — ВЕСТ БРОМВИЧ 20:00

Турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган икки жамоа ўртасидаги тўқнашув. Жамоалар жорий мавсумда еврокубокларга ҳам даъвогарлик қила олмаса керак. Ўз навбатида қуйи лигага тушиб кетиш хавфи ҳам кам. «Вест Ҳэм» ўз уйида «Вест Бромвич»га қарши премьер-лига доирасидаги сўнгги етти учрашувда бирор марта мағлубиятга учрамаган, беш марта ғалаба қозонган.

«Вест Ҳэм»да Энди Кэрролл ва Аарон Крессуэллни кичик жароҳатлар безовта қилмоқда. Анжело Огбонна ва Диафра Сако эса уларнинг ўрнини эгаллашга тайёр. «Вест Бромвич»да бешта учрашувдаги танаффусдан сўнг Жонни Эванс сафга қайтиши кутилмоқда. Клаудио Якоб ҳам муаммоларидан қутулган.

ЛИВЕРПУЛЬ — ТОТТЕНҲЭМ (22:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

2017 йилда 10 учрашувда фақатгина бир марта ғалаба қозонган «Ливерпуль» барча даврлардаги антирекордларини янгилаб бўлди. «Қизиллар» чемпионликдан умидини узиб бўлишди ва энди ЕЧЛ йўлланмаси учун курашишларига тўғри келади. «Тоттенҳэм» эса «Челси»га қаршилик кўрсатиши мумкин салкам ягона жамоа бўлиб қолмоқда. Иккала жамоа иштирокида барча мусобақалардаги сўнгги 9 учрашувда «шпорлар» бирор марта ҳам ғалаба қозона олишмаган, олти мағлубият уч дуранг.

«Ливерпуль» ҳимоясида муаммолар кузатилиши давом этмоқда. Деян Ловрен ва Рагнар Клаваннинг ҳолати мураббийлар штабини безовта қилмоқда. «Тоттенҳэм»да эса Ян Вертонген ва Данни Роуз жароҳати сабаб ҳамон майдонга туша олмаяпти. Эрик Ламелада ҳам худди шундай ҳолат. Киран Триппьер эса сафга қайтган.

БЁРНЛИ – ЧЕЛСИ (12 февраль, 18:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

Шон Дайч шогирдлари 2016 йил 26 ноябрдан буён ўз уйида ўтказган бирорта учрашувда рақибларига очко бермаган. Етти учрашувда ғалаба қозонган жамоа сўнгги марта 31 декабрда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборган. Бироқ жамоанинг меҳмондаги учрашувлари жуда ёмон.

«Челси» эса меҳмонда ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда. Жамоа сафардаги 12 учрашувда 26 очко тўплашга муваффақ бўлган. Бу АПЛдаги энг яхши кўрсаткич саналади. «Бёрнли» Англия чемпионати доирасида «Челси»ни сўнгги марта 44 йил муқаддам 1973 йилда мағлубиятга учратган холос.

СУОНСИ – ЛЕСТЕР (12 февраль, 21:00, UzReport, Матч ТВ)

«Суонси» сўнгги учта учрашувнинг иккитаси «Ливерпуль» ва «Саутҳемптон»дан устун келган бўлса, «Манчестер Сити» уйида сўнгги дақиқаларда дурангни қўлдан чиқарди. Жамоа бош мураббий Клемент янги клубга келган ойидаёқ премьер-лигада энг яхши бўла олди.

«Лестер»да эса ҳаммаси жойида деб бўлмайди. Жамоа АПЛ доирасидаги сўнгги 4та учрашувда кетма-кет мағлубиятга учради. 5 учрашувдан буён ғалаба нималигини билмай келмоқда. Раньери жамоаси меҳмонда ўтказган 12та учрашувнинг бирортасида ғалаба қозона олмаган, 9та мағлубият.

БОРНМУТ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (14 февралга ўтар кечаси, 01:00, UzReport, Матч! Футбол 1)

«Борнмут» жуда қийин даврларни бошдан ўтказмоқда. Жамоа АПЛ доирасидаги сўнгги бешта учрашувнинг барчасида мағлуб бўлган. Сўнгги турдаги учрашувда жамоа « «Эвертон»дан олтита гол ўтказиб юборди.

Пеп Гвардиола жамоасида эса янги умид учқуни бўлиб хизмат қилаётган Габриэл Жезус пайдо бўлди. Сўнгги икки учрашувда 3та гол ва 1та голли узатма муаллифи бўлган бразилиялик футболчи жамоанинг ғалабали сериясини бошлашида кўмаклашди. Аммо жамоа меҳмондаги учрашувларда яхши ўйин кўрсата олмаяпти. Жамоа 12та учрашувнинг 4тасида мағлуб бўлган. Шуларнинг учтаси сўнгги бешта сафар ўйинида қайд этилган.

Мавзуга оид