Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унда ҳукумат Ички ишлар вазирлигининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналарини босқичма-босқич жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берди.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талоннинг янги намунаси 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб берилади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга берилади 

Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналарига ўтилиши: 

2017 йил 1 октябрь — 2018 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — улар эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда; 
2019 йил 1 январь — 2020 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — мажбурий тартибда амалга оширилади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади. 

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. 

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг тавсифи 

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланади. Пластикдан тайёрланган гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Гувоҳноманинг ранги — оч пушти. Лотин ёзувидаги давлат тилидан фойдаланилади. Серияли рақами икки ҳарфли, номери олти рақамли. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга: 

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради;