Сартарошнинг “тавсияси”

Фарғоналик А.Е. 2023 йил кузида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун Марғилон шаҳридаги автомактабда ўқиган. Ўқишни тамомлагач, Фарғона шаҳридаги имтиҳон марказига бориб, имтиҳон топширган. Бироқ имтиҳондан ўтолмаган. Яъни, у гарчи автомактабда ўқиган бўлса-да, имтиҳон ўтолмагани сабабли ҳайдовчилик гувоҳномаси ололмаган.

А.Е. 2024 йил баҳорида бир маҳаллада яшовчи сартарошнинг олдига соч олдиришга борган. Ўзаро суҳбатда сартарошга ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи эканини, лекин имтиҳонлардан ўтолмаётганини айтган. Шунда сартарош унга Абдулвосит исмли шахс ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш билан шуғулланаётганини маълум қилиб, унинг телефон рақамини берган.

А.Е. Абдулвоситга қўнғироқ қилган ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи эканини билдирган. “Бўлди, ҳайдовчилик гувоҳномаси қилиб бераман, 500 доллар бўлади”, деган Абдулвосит. У бу ваъдага ишонмасдан аввал ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлига олишини, кейин пулни беришини айтган. Абдулвосит бу шартга рози бўлган.

Орадан бир неча кун ўтиб, улар учрашган: А.Е. Абдулвоситга фотосурат ва паспортидан нусха берган. Яна бир неча кундан сўнг эса Абдулвосит А.Е.га қўнғироқ қилиб, эртага Тошкент шаҳри Юнусобод тумани давлат хизматлари марказига келишини тайинлаган.

А.Е. айтилган вақтда Юнусобод тумани давлат хизматлари марказига борган. Марказ олдида Абдулвосит унга эски намунадаги қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини берган. “Ичкарига кириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун келганингни айтасан”, дея тушунтирган у.

А.Е. марказга кириб, қўлида бўлган қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларни марказ ходимига топширган. Ходим уни фотосуратга туширган ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун давлат божини тўлаб келишни айтган. А.Е. кассага бориб, давлат божини тўлаган.

Шу тариқа, имтиҳондан ўтолмаган А.Е. 10-15 дақиқада янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, давлат хизматлари марказидан чиқиб кетган. Ташқарида уни кутиб турган Абдулвоситга келишилгани каби 500 доллар берган.

Бу сохта “права”лар ишидаги бир эпизод. Иш доирасида шу каби мингдан ортиқ ҳолат бор.

Абдулвосит ким?

Ҳатто имтиҳондан ўтолмаганларга ҳам 10-15 дақиқада “права” олиб берган Абдулвосит аслида ким?

Ўзининг суддаги кўрсатмасига кўра, ушбу шахс Россияда ишлаб юриб, қалбаки ҳужжатлар ясаш билан шуғулланиб келган. Унга 2024 йил бошларидан Ўзбекистондан ҳайдовчилик гувоҳномаларига буюртмалар туша бошлаган. Москва шаҳрида Telegram орқали буюртмалар олиб, тайёрлаб берган ҳамда Ўзбекистонга жўнатиб турган. Унга Қаҳрамон Қурбонов исмли шахс ҳар бир гувоҳномани 50 доллардан қилиб бериш шарти билан буюртма берган.