Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 508-сон қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун ушланган транспорт воситаларини эвакуация қилиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби такомиллаштирилди.

Қарор 2026 йил 24 декабрдан кучга киради.

Янги тартибга кўра, автомобил эвакуаторга юкланишидан олдин ҳайдовчи етиб келиб, қоидабузарликни бартараф этса, транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилмайди.

Бироқ автомобилни эвакуаторга қисман ёки тўлиқ юклаш бошланган бўлса, ҳайдовчи етиб келган тақдирда ҳам эвакуация тўхтатилмайди.

Транспорт воситасини сақлаб туриш муддати автомобиль эвакуаторга жойлаштирилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Сақлаш харажатлари эса амалда сақланган тўлиқ суткалар учун ундирилади.

Эвакуация қанча туради?

Тошкент шаҳрида аввалроқ белгиланган энг юқори тарифларга кўра:

  • Эвакуация — ҳар бир километр учун 88 минг сўмгача;

  • Эвакуациянинг умумий қиймати — 1 млн 760 минг сўмдан ошмайди;

  • Жарима майдончасида сақлаш — ҳар бир сутка учун 88 минг сўмгача.

Масалан, автомобил 3 километр масофага эвакуация қилиниб, жарима майдончасида 3 сутка сақланса, максимал тарифлар бўйича жами 528 минг сўм тўлашга тўғри келади.

Бунга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жарима ҳам қўшилиши мумкин.

Автомобиллар QR-код орқали қайтарилади

Янги тартибга мувофиқ, транспорт воситаларини жарима майдончасига олиб келиш, сақлаш ва қайтариш жараёнлари «Жарима майдончаси» электрон модули орқали юритилади.

Автомобилни қайтариб олиш учун уни ушлаб туриш сабаблари бартараф этилиши ва ваколатли орган томонидан электрон рухсатнома расмийлаштирилиши керак.

Рухсатнома QR-код билан тасдиқланиб, бир иш куни ичида ҳайдовчига ва жарима майдончаси операторига электрон тарзда юборилади. Ҳайдовчининг телефонига SMS-хабар ҳам келади.