Жаҳон | 09:44 / 24.03.2017
10202
3 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири мамлакат АҚШ ва Хитойдан қайси бирини танлаши ҳақида гапирди

Австралия бош вазири Малколм Тернбулл ўз мамлакати Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида сиёсий танловни амалга ошириши кераклиги ҳақидаги ғояни нотўғри дея атади.

"Вашингтон аввалдан бизнинг кучли иттифоқчимиз, Пекин эса – яхши дўстимиз ҳисобланади", - дея маълум қилди Тернбулл Канберрага ташриф билан келган ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян билан қўшма матбуот анжуманида чиқиш қилиб.

"АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар дунё барқарорлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун жуда муҳим саналади, - дея таъкидлаб ўтди Австралия ҳукумати раҳбари. – Биз ушбу давлатлар билан жуда мустаҳкам алоқаларга эга эканимиз ҳамда улар турлича кўринишга эгалиги жуда ижобий ролга эга. Шунинг учун биз танлов олдида қолганимиз йўқ, биз кўп қутбли дунёда яшамоқдамиз ҳамда ҳар бир мамлакат унинг барқарор ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиши лозим".

ХХР Давлат кенгаши бош вазири австралиялик ҳамкасби фикрига қўшилган ҳамда “Хитой-Австралия ҳамкорлиги бошқа давлат ҳамда минтақаларга фойда келтириши ва учинчи мамлакатларга қарши қаратилмаганини” маълум қилди.

2015 йилнинг декабрида Хитой ва Австралия эркин савдо ҳақидаги келишувга эришди. Хитой Австралиянинг энг йирик савдо шериги саналади – ўтган йилда савдолар ҳажми 150 миллиард долларга етди, бу эса унинг АҚШ ва Япония каби йирик шериклари билан ўзаро савдо ҳажмидан кўпроқ дегани.

Тернбуллнинг хабар беришича, мамлакатлар иқтисодий ҳамкорликни фаол равишда давом эттириш ниятида.

Австралия бош вазирининг аниқлик киритишича, улар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий алоқаларни ҳам муваффақиятли ривожлантирмоқда: ўтган йили Австралияга 1,2 миллион хитойлик сайёҳ келган бўлса, Хитойга 450 мингдан ортиқ австралиялик ташриф буюрди. 

"Биз шунингдек хавфсизлик муаммолари бўйича юқори даражада мулоқот бошлаш ҳақида эълон қилмоқдамиз, у биринчи навбатда, киберхавфсизлик, халқаро жиноятчилик ва терроризм билан курашга қаратилган бўлади", - дея хабар берди у.

Мавзуга оид