Жаҳон | 07:47 / 11.04.2017
13531
2 дақиқада ўқилади

Россия авиакомпаниялари Туркияга чартер рейсларни тўхтатишлари мумкин

Фото: RIA

"Росавиация" Россия авиакомпанияларига Туркияга чартер рейслари тўхтатилиши мумкинлигидан огоҳлантирувчи телеграмма жўнатди. Бу ҳақда ушбу соҳадаги манба РИА “Новости” ахборот агентлигига маълум қилди.  

Бундай чораларга "Туркиядаги мураккаб ички сиёсий вазият" сабаб сифатида келтирилган.

Шу билан бирга "Ростуризм"нинг туристик лойиҳалар ва туризмдаги хавфсизлик давлат бошқармаси бошлиғи Светлана Сергеева бошқарма парвозлар тўхтатилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотга эга эмаслигини айтган.

Россия туроператорлари уюшмаси ижрочи директори Майя Ломидзенинг айтишича, ҳозирча Туркияга чартер рейсларга тақиқлов йўқ.

"Балки гап агар Туркияда 16 апрелдаги сиёсий воқеалар билан боғлиқ ҳолда вазият салбий сценарий бўйича кетса, қандайдир кескинликлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин", деб айтган Ломидзе.  

Икки давлат ўртасидаги чартер рейслар 2015 йил ноябрда Сурияда Россиянинг Су-24 самолёти турк самолёти томондан уриб туширилгандан кейин 9 ойга узилиб қолганди. Россиядан Туркияга сайёҳлар оқими 2016 йилнинг биринчи ойларида 90 фоизгача камайиб кетган.

2016 йил ёзида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путиндан самолётнинг уриб туширилиши учун кечирим сўрагандан кейин ўзаро кескинлик барҳам топган. Шундан кейин Россия ҳукумати парвозларга тақиқловни бекор қилган, Туркияга биринчи чартер рейс эса 2 сентябрда амалга оширилган.

Мавзуга оид