Ўзбекистон | 13:00 / 14.06.2017
29718
2 дақиқада ўқилади

Ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун жазо кучайтирилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни Жиноят кодексига ўзгартишлар киритди. Унга кўра, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга ундаш учун жазо кучайтирилди.

Ўзгартиришларга кўра, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёки унга пўписа, шафқатсиз муносабат ёки шахснинг шаъни ёхуд қадр-қимматини тизимли равишда камситиш орқали таҳдид қилиш 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, мазкур ҳаракатларни вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет тармоғидан фойдаланиб содир этилса – етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзини-ўзи ўлдиришга ундаганлик, яъни кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсда ўзини ўзи ўлдириш ҳиссини уйғотиш натижасида шахс ўзини ўзи ўлдирган ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган бўлса икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, мазкур ҳаракатларни вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилса – беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид