Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Саудияда ўтказилган халқаро саммит ҳамда унда кўтарилган терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалаларига алоҳида тўхталди.

"2016 йил октябрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувида Ўзбекистон томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказини тузиш тўғрисида ташаббус илгари сурилган эди.

Яқинда Саудия Арабистонига сафаримиз пайтида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Ислом тараққиёт банки ўртасида айни шу масала бўйича англашув меморандуми имзоланди, - деди Ўзбекистон Президенти. - Мазкур банк президенти Бандар Ҳажар жаноблари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, “Ислом тараққиёт банки – бу Ўзбекистоннинг банки”, деб айтдилар. Бу сўзлар бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг Имом Бухорий юртига, унинг авлодларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ифодаси, десак, айни ҳақиқат бўлади".

Шу ўринда Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро саммитда катта-катта давлатлар, араб, мусулмон мамлакатлари ва АҚШ раҳбарияти бир фикрга алоҳида урғу берилгани, яъни жаҳолатга қарши маърифат, таълим-тарбияни кучайтириш билан курашиш зарур экани таъкидлангани қайд этилди. 

"Бу фикрлар диний масаладаги бизнинг ёндашувимиз билан уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир. Жумладан, АҚШ Президенти Дональд Трамп жаноби олийлари ҳам шу борада аниқ ва конструктив таклифларни илгари сурди", - дея Трампнинг сўзлари келтирилди:

"Мен Президент сифатида Америка халқи ва ўз номимдан кафолат бераман, биз терроризм ва экстремизмга қарши қаттиқ кураш олиб борамиз, бу йўлда, қайси дин вакили бўлишимиздан қатъи назар, барчамиз бирлашишимиз зарур. Ер юзида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиши керак". 

Шундай экан, бугунги кунда ижтимоий-маънавий ҳаётимизни ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз, бунинг учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этишимиз шартлиги таъкидланди. Чунки ҳозирги вақтда дунё миқёсида ҳукм сураётган таҳликали вазият, сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан ташвишга тушмаётган бирорта давлат ёки жамият йўқ. 

"Айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик кучайиб бораётгани бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда", - деди Шавкат Мирзиёев.

Ана шундай ўта мураккаб ва қалтис шароитда қандай йўл тутиш, қандай қилиб тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин, деган савол барчамизни жиддий ўйлантириши зарурлигига эътибор қаратилди.