Спорт | 11:28 / 20.06.2017
27574
2 дақиқада ўқилади

Перес Роналдунинг кетиши шартини маълум қилди

Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес маълум қилдики, жамоанинг португалиялик ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг клубдаги келажаги у терма жамоаси билан Конфедерациялар кубогида иштирок этиб қайтгач, муҳокама қилинади.

Ўтган ҳафтада бир қатор нашрларда Роналду Испания прокуратураси ўзига нисбатан солиқларни тўламаслик айблови билан иш очгач, «Реал»дан кетишга қарор қилгани ҳақида ёзилганди.

«Мен охирги марта Роналду билан Кардиффда, Чемпионлар лигаси финалидан кейин гаплашгандим, биз ўшанда кейинги мавсум ҳақида гаплашгандик.

Ҳозирги вазиятни тушунмаяпман, бу жуда ғалати вазият. Мен у билан Конфедерациялар кубогидан кейин гаплашаман. Мен у кетади деб ўйламайман. Биз Роналду, Хамес Родригесу ва Альваро Мората бўйича таклифлар олмаганмиз», - дея Переснинг сўзларини келтирган As нашри.

Клуб президенти шунингдек, ушбу футболчи учун 1 миллиард евро миқдоридаги товон пули белгилаб қўйилгани ҳақида маълум қилган.

«Унинг «Реал» билан шартномасидаги бадал пули миқдори - 1 миллиард евро. Агар бошқа клублар бунча пул тўлашмаса, у кетмайди», деган президент  Onda Cero радиоси эфирида.

Роналдуга даъвогар жамоалар «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ», «Монако», «Челси», «Манчестер Сити» ва Хитой клублари бўлиб турибди.

4 карра «Олтин тўп» соҳиби 2009 йилда «Реал»га «Манчестер Юнайтед» сафидан рекорд даражадаги маблағ эвазига келиб қўшилганди. Ҳозирда 32 ёшга чиққан футболчи якунланган мавсумда «Реал» учун 46 ўйинда майдонга тушиб, 42та гол урди.

Мавзуга оид