Минглик довонга жуда оз қолди

Саудия Арабистони чемпионати, 12-тур
«Ан-Наср» — «Ал-Холуд» — 5:3 (2:2)
Голлар: Домингес, 16 – 0:1. Анжело, 24 – 1:1. Мане, 38 – 2:1. Эссомба, 45+2 – 2:2. Роналду, 66 – 3:2. Роналду, 72 – 4:2. Роналду, 81 – 5:2. Домингес (пеналтидан), 90+4 – 5:3.

Криштиану Роналду фаолиятидаги 1000-гол томон яқинлашиб бормоқда. Португалиялик ҳужумчи 30 октябрга ўтар кечаси Саудия Арабистони чемпионатининг навбатдаги турида «Ан-Наср» сафида «Ал-Холуд»га қарши кечган ўйинда (5:3) ҳет-трик қайд этди.

Иккита бекор қилинган гол ва 15 дақиқа ичидаги ҳет-трик

«Ал-Холуд» билан ўйин Роналду учун омадсиз бошланганди. 41 ёшли форвард биринчи бўлимнинг ўзида рақиб дарвозасини икки бор ишғол этди, аммо икки гол ҳам офсайд туфайли бекор қилинди. «Ан-Наср» эса жиддий қаршиликка учради: меҳмонлар 16-дақиқада Жулиен Домингеснинг голи эвазига ҳисобни очди. Анжело ва Садио Мане ўз голлари билан мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо танаффус арафасида Лоик Эссомба мувозанатни тиклади – 2:2.

Иккинчи бўлимда эса Криштиану катта саҳнага чиқди. 66-дақиқада Жоау Фелиш жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни ерлатиб амалда бўш дарвоза қаршисида турган ватандошига етказди. Бироз ўтиб ушбу ҳужум тандеми яна иш берди: Феликс бу сафар тўпни ҳаводан оширди, Роналду иккинчи қаватда ютиб чиқди ва бош билан дарвозани ишғол этди.

81-дақиқада у ўйиндаги учинчи голини ҳам уришга эришди. Тезкор қарши ҳужумда Мане яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо зарба бериш ўрнига янада қулайроқ ҳолатда бўлган жамоадошига пас берди. Криштиану тўпни ҳимоячилар орасидан ўтказиб, аниқ зарба йўллади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Домингес пеналтини аниқ ижро этди ва якуний ҳисобни ўрнатди – 5:3.

Роналду учун бу фаолиятидаги 67-ҳет-трик бўлди: у клублар сафида 57 ўйинда учтадан гол урган, яна ўнта ҳет-трик Португалия миллий жамоасидаги фаолиятига тўғри келади. Бунга қадар у бир ўйинда уч бор гол уриши 2024 йил майида «Ал-Ваҳда»га қарши ўйинда кузатилганди (6:0).

Шу куни Фелиш ҳам юқори даражадаги ўйин намойиш этди. 26 ёшли яримҳимоячи тўртта голга ассистентлик қилди: иккитаси Роналдуга, Анжело ва Манега биттадан. Жоау жорий мавсумдаги ўнта ўйинда жами уч гол уриб, етти голли узатма муаллифи бўлган.