16:53 / 22.07.2017
28462

Мирзиёев Паркентдаги маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Паркент туманидаги «Марказий» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ маҳалла фаолиятининг ташкилий асослари, жамият ҳаётидаги роли мустаҳкамланмоқда. 

«Марказий» маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино, маҳалла гузари барпо этилган. Бу ерда йиғин ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилган, улар компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонасида маҳалладаги жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор ўрнатилган. 

Маҳалла тўғрисида қонун, шароит бор, лекин маҳалла раисининг жавобгарлиги, қуйи тизим йўқ эди, деди давлат раҳбари. Энди маҳалла фуқаролар йиғинига катта ваколат ва имкониятлар берилди. Маҳалла раиси маслаҳатчилар билан бирга ўз ҳудудининг эгаси бўлиб, ҳар бир хонадондаги ҳолатни, одамларнинг талабларини билиши ва унга кўмак бериши керак. 

Маҳалла идораси аҳоли билан янада яқин бўлиши учун уларни мактаблар биносида жойлаштириш мумкинлиги, бу ёшлар тарбияси, ҳамжиҳатлик ва тартиб-интизомни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. 

Шу ерда ички ишлар тизими томонидан олиб борилаётган профилактика ишлари, "Хавфсиз дам олиш" концепцияси ҳақида маълумот берилди. 

Президент Тошкент вилояти, жумладан, Паркент туманида туризмни ривожлантириш учун улкан салоҳият борлиги, бунинг учун дам олувчилар ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, одамларни шу йўналишда оилавий тадбиркорликка ўргатиш кераклигини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев маҳалла гузарида фаолият юритаётган тикувчи ва касаначи аёллар билан суҳбатлашди. 

Маҳалла идораси ҳовлисида туманда 2 сув омбори қуриш, томчилатиб суғориш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, токзорлар ташкил этиш, Паркент шаҳрининг 2036 йилгача мўлжалланган бош режаси, кўп қаватли уй-жойлар, йўллар, бозор, истироҳат боғи ва бошқа объектлар барпо этиш лойиҳалари намойиш этилди. 

unwlRkGgq24Qmax-vCEr-UTDD5uVXQeP.jpg (2048×1468)

Президент Паркентсой ва Қизилсой сув омборларининг туман иқтисодиёти, аҳоли даромадларини оширишдаги аҳамиятига урғу берди. Ушбу сув омборлари қурилиши натижасида 5 минг 800 гектар ер мунтазам сув билан таъминланади. Яъни 3 минг 900 гектар лалми ерга сув чиқарилади, 1 минг 900 гектар ернинг сув таъминоти яхшиланади. 

Президент лалми майдонларни тўлиқ мева-сабзавотчиликка ўтказиш, харидоргир маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. 

Паркентда эркин иқтисодий зона ташкил этиб, 100 миллион доллар инвестиция киритиш, туман имкониятлари ва бозор талабидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш йўналишларини белгилаш, шу билан бирга, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, вилоят иқтисодиёти учун кадрларни мақсадли тайёрлаш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Top