Кейинги бир йил ичида юртимизда электрон оммавий ахборот воситалари — Интернет сайтларнинг машҳурлиги ва оммабоплиги жуда ошди. Юртимизда оламшумул ўзгаришлар бўлмоқда, янгиликлар жуда бисёр, буларнинг тезкорлик билан етказишда оммавий ахборот воситалари ичидан айнан интернет сайтлар беминнат тер тўкишмоқда.
Бизнинг сайтимиз — KUN.UZ ҳам тезликда эл оғзига тушди, кўплаб юртдошларимиз бизни ўқишади, бизга ишонишади, мурожаат қилишади, таҳририятимизга кунига 100дан ошиқ хат келиши ҳам фикримизни исботлаб турибди.
Таҳририятимиз ўз фаолиятини тобора кенгайтириб бормоқда, секин-аста барча вилоятларда ўз мухбирлик тармоқларимизни очишни режалаштирганмиз ва Ўзбекистон бўйлаб ўз мухбирларимиз янгиликларни жўнатиши, жойлардаги фуқароларнинг муаммоларини ёритиб, мутасаддилар эътиборини жалб қилиб, уларни ҳал этишда ёрдам қўлини чўзиш асосий режаларимиздан саналади.
Давлат ташкилотлари ва идоралари ҳам тобора биз билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлашди. Сайтимизда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда очилган “Юридик хизмат минбари” ҳам бунга далил. Бундан ташқари, Халқаро пресс клуб билан ҳамкор саналамиз, шунингдек, прокуратура, ИИБ ва бошқа давлат органлари брифингларида ҳамиша мунтазирмиз.
Лекин бу биз эришмоқчи, мухлислар учун йўлга қўймоқчи бўлган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам эмас. Секин-аста халқимизга энг расмий янгиликларни ҳам тезкорлик билан етказишни мақсад қилганмиз. Шу сабабли ушбу мақола орқали мутасадди шахслар ва идораларга айрим талаб ва таклифлар билан мурожаат қилмоқчимиз.
Маълумки, шу пайтгача юртимизга хориждан расмий ё норасмий делегация ташриф буюрадими, матбуот анжумани ўтказадими, ҳукумат йиғилишлари ўтадими, Президент фармони, қарорлари ёки фармойишлари, Вазирлар маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадими — барчаси ЎзАда ёритилгач, айниқса кечки «Ахборот» дастурида эълон қилиб бўлинганидан сўнгра таҳририятларга тарқатилиб келинган. Жумладан, бизга ҳам.
Айниқса давлат ва ҳукумат даражасидаги анжуманларда қатнашиш учун нафақат хусусий, ҳаттоки давлат ва партия нашрларига ҳам рухсат йўқ. Барчаси ЎзАда эълон қилинади. Ҳамма ЎзАдан кўчириб босади. Яқин яқингача бундай тадбирларда нашрларнинг ўз мухбирлари қатнашиб, репортаж, мақолалар ёзишар эди.



















