Сайтимизда «Ўзбекистон Футбол федерацияси ўзбек футбол мухлисларини «жазо»лади» мақоласи эълон қилинганидан сўнг ўқувчиларга аслида воқеанинг асл юзи қандай эканлигини кўрсатиш учун кичик суриштирув ўтказишга қарор қилдик ва Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати бошлиғи Санжар Ризаев билан боғландик.

— Аввало, мақолада ўйинлар ёпиқ эшиклар ортида ўтиши ҳақидаги таклиф Қирғизистон терма жамоасининг талаби билан амалга оширилгани ҳақида хабар федерация сайтида берилгани ва кейинчалик бу хабар сайтдан олиб ташлангани ҳақидаги маълумот асосга эга эмаслиги таъкидламоқчиман. Федерация матбуот хизмати бундай ахборот тарқатмаган, — дея ўз сўзларини эътироздан бошлади Санжар Ризаев.

Ҳақиқатдан ҳам, фақатгина Championat.asia сайтига ўйин 25 август куни «Бунёдкор» стадионида ўтиши режалаштирилгани, ЎФФ ва ҚФФ ўртасидаги учрашувдан сўнг стадион ўзгариши мумкинлигини, ўртоқлик учрашувига мухлислар киритилмаслигини Қирғизистон томони сўраётганини Санжар Ризаевнинг тилидан ёзган ва ҳақиқатан ҳам федерация матбуот хизмати бундай маълумот тарқатмаган. Championat.Asia эса «Ўзбекистон - Қирғизистон учрашуви меҳмонлар илтимосига кўра мухлислар учун ёпиқ бўлади» сарлавҳаси остида омма маълумот тарқатган.

(ЎФФ сайти ўйин Қирғизистон терма жамоасининг талаби билан ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини ҳақида хабар бергани ва сўнгра бу хабарни сайтдан олиб ташлагани ҳақидаги маълумот дарҳақиқат нотўғри эканлигини тан оламан. Чунки федерация вакилининг «ўйин меҳмонлар илтимосига кўра мухлислар учун ёпиқ бўлади», деган гапини ижтимоий тармоқлар лентасида ўқиб, уни федерация сайтидан топа олмаганимдан сўнг англашилмовчилик юз берган — Ш.Ш.).

«Аслида, Қирғизистон билан ўтказиладиган учрашув аввал бошдан «А» таснифдаги халқаро ўртоқлик учрашуви мақомида эди. Шу сабабли, ўйин ҳақидаги маълумот ФИФАнинг рўйхатига киритиш мақсадида ташкилотга юборилган. Сўнгра бу ўйин бўлиб ўтиши ҳақида ЎФФ расмий сайтида расман маълумот берилган.

Яъни ушбу ўйин даставвал миллий терма жамоалар ўртасидаги расмий ўйин сифатида даражаланган. Лекин орадан вақт ўтгач, Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари мураббийлар штабининг ўзаро келишувига кўра, ўйинда ўйинчи алмаштиришлар сонида чегара бўлмаслиги сабабли ФИФА бу учрашув «А» таснифидаги, миллий терма жамоалар ўртасидаги халқаро ўртоқлик учрашуви мақомига тўғри келмаслигини айтиб, унга машғулот-назорат ўйини сифатида даража берган.