«Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини таъминлаш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг изчил механизмларини яратиш, жамоатчилик назорати функцияларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда».

Бундай сўзларни бугун ўзини сиёсатга у ёки бу даражада дахлдор деб билган амалдорлар, партия вакилларию депутатларнинг оғзидан тез-тез эшитиб қоламиз, айниқса журналистларимиз шу сўзлар билан бошламаса мақолаларини бўялмаган уйдай хунук ҳис қилса, мухбирларимиз шу сўзларни гапирмаса, демократиянинг уволи тутадигандек гўё!

Лекин, халқимизда «ҳолва деган билан оғиз чучимайди» деган нақл ҳам борлигини унутмаслик керак. Аллоҳга шукрки, бу йил мамлакатимиз мустақиллигига ҳам 26 йил тўлди, ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қатор ютуқларни қўлга киритиб, дунё давлатлари орасида ўз ўрнимизга эга бўлдик. Аммо юқорида тилга олганимиз ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги қадамларимизга қарасам, вақт тўхтаб қолгандек туюлади менга.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» деган демократик ғояни дастуриламал қилиб олдик. Бундай эзгу мақсадга етишиш учун, тан олиш керакки, бир қанча мақтангулик ютуқларга ҳам эришдик. Аммо фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бўлган жамоатчилик назорати институтини ривожлантириш масаласига келганда ҳануз муз устида юрган одамдек қадамларимизни жуда оғир босяпмиз.

Бундай дейишимга сабаб, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати институти ҳалигача қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамлаб қўйилмаганидадир. Яъни, жамоатчилик назорати тўғрисидаги нормалар амалдаги қонун ҳужжатларида у ёки бу даражада тартибга солинган бўлса-да, аммо яхлит бир институт сифатида ҳеч қайси нормада акс этмаган, яъни жамоатчилик назорати институтининг тўлиқ моҳияти, жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субъектлари, назорат предмети, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари, қолаверса, мазкур соҳада амалдаги қонун ҳужжатларини ижро этмагани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги шартлари каби масалалар шу кунгача бирорта қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасида мазкур муаммо хусусида тўхталиб, «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш фурсати етди»,