Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5 август куни бўлиб ўтган йиғилишида “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамовга кўра, ушбу ҳужжат эскирган турар жой фондини янгилаш ва замонавий ҳамда энергия самарадор шаҳар муҳитини яратиш учун ҳуқуқий база яратади. Шу пайтгача мамлакат бўйлаб кўплаб реновация лойиҳалари амалга оширилган бўлса-да, ушбу жараёнларни тартибга соладиган ва унинг хусусиятларини ўзида ифода этадиган алоҳида қонун мавжуд бўлмаган.

Фото: Қонунчилик палатаси

“Бу жараёнлар умумий қоидаларни акс эттирувчи қонунлар ва кодекслар, хусусан, Фуқаролик кодекси, Шаҳарсозлик кодекси, Ер кодекси ва бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келиняпти. Махсус қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги бир қатор ҳолларда мулкдорлар ҳуқуқларининг поймол этилишига ҳам олиб келмоқда”, деди Истамов.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, кўп квартирали уй-жойлар фонди жиддий янгиланишга муҳтож.

“Республика бўйича жами 42 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 17 мингтаси икки-уч қаватли уйлардир. Шундан 343 таси ҳатто фойдаланиш муддатидан ўтган, техник жиҳатдан авария ҳолатида бўлиб, ҳозирги талабларга мутлақо жавоб бермайди. Жумладан, электр, газ, сув таъминоти тизимлари эскирган. Баъзиларининг ҳатто оқова сув тармоғи ҳам йўқ”, деди у.

Реновация қайси ҳудудда амалга оширилади?

Қонун лойиҳасида қайси ҳудудлар реновация қилинишига доир аниқ мезонлар белгиланяпти. Бунда қуйидаги омиллар асос қилиб олинади:

  • ҳудуднинг бош режада реновация ҳудуди сифатида эътироф этилган бўлиши;
  • уй-жойлар яшаш учун бутунлай яроқсиз ёки авария ҳолатида бўлиши;
  • ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатлар мавжудлиги.

Бундан ташқари, реновация лойиҳасини ҳокимликлар, ўша ҳудудда яшаётган аҳоли ва хусусий инвесторлар таклиф қилиши мумкин бўлади. Бунда мулкдорларнинг камида 80 фоизининг нотариал тасдиқланган розилиги шарт.

Адлия вазири ўринбосари мулкдор 100 фоиз рози қилинмаса, ҳеч қандай қурилиш ва бузиш ишлари амалга оширилмаслигини таъкидлади. 

Ҳар бир мулкдор учун уч хил компенсация шакли назарда тутилади: