Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлган ана шундай муҳим вазифаларни комплекс ҳал қилиш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида:
1. Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Дастурда кўзда тутилган қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин:
китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш;
жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмалари бериш, уларни кўп нусхада юксак сифат билан нашр этиш ва молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш чораларини белгилаш;
ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
нашриётлар ва матбаа соҳаси мутахассисларини, бадиий ва техник муҳаррирлар, графикачи рассомлар, ахборот-кутубхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;














