Қуйи палата маълумотига кўра, 13 октябр куни депутатлар «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган лойиҳани муҳокама қилди.

Лойиҳада республика китобхонлик танловида юқори натижа кўрсатган муддатли ҳарбий хизматчилар учун рағбатлантириш чораси сифатида хизмат муддатини бир ойга қисқартириш кўзда тутилган.

Муҳокамаларда бу чора ҳарбийлар ўртасида китоб мутолаасини оммалаштириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.

Шунингдек, лойиҳа билан олий ҳарбий, жумладан, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф этилмоқда.

Депутатлар ушбу нормалар малакали учувчиларнинг касбий салоҳияти ва кўп йиллик тажрибасидан самарали фойдаланиш, ҳарбий авиацияни ривожлантиришга имкон беришини қайд этган.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган. Бу хизмат муддатини қисқартириш тартиби ҳозирдан кучга кирганини англатмайди.