5 минг метр квадратдан ортиқ савдо марказларида китоб дўконлари ташкил қилишнинг мажбурий тартиби жорий қилинади. Бу 27 июлдаги “Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, 2026-2027 йилларда Тошкент шаҳри ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади. Бунинг учун 2031 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида, эксперимент тариқасида, барча туманларни махсус иқтисодий ва саноат зоналари билан боғлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш мақсадида ер майдонлари бириктирилади. Шунингдек, Ёшлар креатив парки ташкил этилади.
“Тошкент китоб тижорат” уюшмасига аъзо бўлган китоблар савдосини амалга оширувчи тадбиркорларга аҳоли гавжум жойларда, бозорларда, йирик савдо марказларида, шоҳкўчаларда енгил конструкцияли китоб дўконларини ўрнатиш, “Book cafe”лар ташкил қилиш, пойтахтда барпо этилаётган 24 соат мобайнида тун-у кун фаолият юритадиган сайилгоҳларда “китоб кўчаси” фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларга оид адабиётларни ўқиши ва ўзлаштиришини баҳолашнинг янги механизми жорий этилганди. Янги тартибга кўра, тест синовларидан муваффақиятли ўтган маҳкумларнинг жазо муддати ўқиган ҳар бир китоби учун уч кунга қисқартирилиши мумкин.











