Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунига қўшимчалар киритилиши муносабати билан 2017 йил 25 сентябрдан Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасига (LexUz) Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини расмий эълон қилиш манбаси мақоми берилди.

Маълумки, LexUz cайтида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Олий Мажлис палаталари Кенгашининг ҳужжатлари, Президент ҳужжатлари, Ҳукумат қарорлари, вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари ва бошқалар эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикасида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва маъносини ижрочилар ва аҳолини ҳуқуқий хабардор этиш сифатини яхшилаш мақсадида 2017 йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг яхлит тизими яратилиб, ушбу соҳада янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, янги қабул қилинадиган қонунларни ижро этишнинг ва аҳолини улардан хабардор этишнинг янги механизмларини жорий этиш белгилаб қўйилган.

Янги ёндашувлардан бири бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш давомида тайёрланган ахборот-таҳлил материаллари билан танишиш имкониятидир. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тезкор етказиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари ва зарур бўлган тақдирда уларнинг ахборот-таҳлилий материаллари Адлия вазирлигига келиб тушган кундан бошлаб бир кун ичида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинади.

Ўтган давр мобайнида Миллий базага ҳужжатлар “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ расмий манбаларда эълон қилингандан кейин киритилар ва эълон қилинар эди. Эндиликда Адлия вазирликка келиб тушгач бир кунлик муддатда PDF шаклида LexUz сайтида эълон қилинади. Бу эса қабул қилинган қонун ҳужжатини юртимизнинг чекка ҳудудларидаги ижрочиларга ва аҳолига тез етиб боришига ҳамда қонун ҳужжатини ижросини ўз вақтида таъминлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоиз, LexUz – мамлакатдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон шаклда нашр қиладиган ягона сайт бўлиб, ахборот-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига тезкор етказиб беришга хизмат қилади. Бундан ташқари сайтнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий матнлари бўлимида нашр қилинган ҳужжатлар, нашр қилинган кундан бошлаб кучга киради ва бу уларни амалиётда тезкор қўллаш имконини беради.